Иқтисодиёт | 14:31
1231
2 дақиқада ўқилади

Мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга бўлган банклар рўйхати эълон қилинди

Марказий банк мижозларнинг шикоятлари асосида энг ёмон ишлаётган банклар рўйхатини очиқлади. Регулятор баҳолаш натижаларига кўра, энг кўп шикоят тушган банк — «Бизнесни ривожлантириш банки». Кейинги ўринлардан «Анорбанк», «Микрокредитбанк», «AVO bank» ва «TBC» ўрин олган. 

Марказий банк 2026 йил I чорак якунлари бўйича мурожаатлар билан энг ёмон ишлайдиган банклар индексини эълон қилди.

Регулятор баҳолаш натижаларига кўра, энг кўп шикоят тушган банк — «Бизнесни ривожлантириш банки». Кейинги ўринлардан «Анорбанк», «Микрокредитбанк», «AVO банк» ва «TBC банк» ўрин олган. 

Марказий банкка кўра, мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улушининг юқори бўлиши қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади:

  • банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича мижозларга етарли тушунтириш берилмаслиги;
    мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб тақдим этилмаслиги;

  • такрорий шикоятларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликларнинг сақланиб қолиши;

  • масофавий хизматлар, тўловлар, кредитлар ва бошқа банк операциялари билан боғлиқ муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги;

  • истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ички назорат механизмларини янада такомиллаштириш зарурлиги.

Шу билан бирга регулятор мазкур банкларга қуйидаги тавсияларни бериб ўтган:

  • мурожаатлар келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш;

  • такрорий шикоятларга олиб келаётган омилларни бартараф этиш;

  • мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш;

  • мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва ички назорат механизмларини кучайтириш;
    истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган профилактик чораларни кенгайтириш.

«Мазкур индекс банкнинг молиявий барқарорлиги ёки ишончлилигини баҳоламайди. У фақат мижозлар сонига нисбатан келиб тушган мурожаатлар улушини акс эттиради. Чорак давомида 100 тадан кам мурожаат келиб тушган банклар бўйича индекс ҳисобланмайди», дейилади МБ хабарида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш