Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Аскарлар қийноққа солинмоқда, исён бўлиши мумкин» — собиқ ҳарбий Путинга мурожаат қилди
Россиянинг Воронеж вилоятидан бўлган собиқ ҳарбий Александр Лунин президент Владимир Путинга видеомурожаат йўллаб, армияда аскарлар қийноқ ва зўравонликка дуч келаётганини иддао қилди. У давлат раҳбари билан тўғридан тўғри эфирда учрашиш имкони берилмаса, ҳарбийлар орасида исён юз бериши мумкинлигини айтди.
Судоплатов номидаги кўнгиллилар баталонида разведка бўлими собиқ командири бўлган, шунингдек Пустовалов фамилияси билан ҳам танилган Александр Лунин Россия президенти Владимир Путинга мурожаат ёзиб олди. Унда у армиядаги қийноқлар, зўравонлик ва командирлар томонидан ўзбошимчаликлар ҳақида гапирган.
Мазкур видео қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, бир неча миллион марта кўрилган. Бу ҳақда «Агентство. Новости» онлайн нашри ва «Дождь» телеканали хабар берди.
Луниннинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар «бефойда ва ўзини ўзи ўлимга юборишга тенг буйруқлар»ни бажаришдан бош тортгани ёки ўз пул маблағларини топширмагани учун қийноқ ва босимга учрамоқда.
У Путинга қарата мурожаатида: «Агар яқин вақт ичида мен Кремлга бориб, сиз билан ёнма-ён тўғридан тўғри эфирда чиқиш қилмасам, армия ўз қуролини Кремлга қарши буриши мумкин», — деган.
Бошқа бир видеода собиқ ҳарбий Путин билан шахсан учрашиб, унга «амалдорлар айтмайдиган ҳақиқий ҳақиқат»ни етказмоқчи эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, гап Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган ҳарбийлар, шунингдек оддий фуқароларга нисбатан маҳаллий амалдорлар ва раҳбарлар томонидан йўл қўйилаётган ўзбошимчаликлар ҳақида кетмоқда.
«Фронтдан қўрқинчли видеолар келмоқда»
«Агентство» нашрининг ёзишича, журналистлар Лунин билан боғланишга муваффақ бўлган. У суҳбат давомида турли платформаларда ўз канали борлигини, фронтдаги танишларидан ҳарбийларнинг аҳволи ҳақида кўплаб хабарлар ва видеолар олаётганини айтган.
«Менга жуда кўп хабарлар, видеомурожаатлар юборишади. Уларни жойлаштиришга ҳам қўрқаман, чунки у ерда жуда даҳшатли кадрлар бор», — деган у.
Луниннинг айтишича, у Путинга мурожаат қилишга шу маълумотларни шахсан кўрсатиш ва у билан бевосита гаплашиш мақсадида қарор қилган.
Унинг сўзларига кўра, 24 июн куни Воронеж вилоятидаги Лизиновка қишлоғида у билан уч нафар эркак учрашган. Улардан бири Мудофаа вазирлигидан, иккинчиси Ички ишлар вазирлигидан, учинчиси эса Мудофаа вазирлигига алоқадор бошқа бир хизматдан бўлганини айтган.
Луниннинг иддао қилишича, ушбу шахслар ундан видео ёзиб, президентга вазият шу тарзда давом этса, «ҳаммаси жуда ёмон оқибатларга олиб келиши»ни етказишни талаб қилган.
Ҳозирча Россия расмийлари Луниннинг қийноқлар ва армиядаги зўравонликлар ҳақидаги иддаоларига муносабат билдиргани ҳақида маълумот йўқ.