Дунёдаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаси ҳисобланган Каспий денгизи сўнгги ўттиз йил ичида жадал суръатларда саёзланмоқда. 1995–2025 йиллар оралиғида унинг сув сатҳи 2,3 метрга пасайган. Бу ҳар йили ўртача 7,7 сантиметрга камайиш дегани.
Натижада денгиз майдони тахминан 24 минг квадрат километрга қисқарган. Бу Италиядаги Сицилия ороли ёки Россиянинг Тула вилояти майдонига тенг ҳудуднинг йўқолишига баробар.
Аввалги назария тасдиқланмади
Америкалик олимлар Earthʼs Future журналида эълон қилинган тадқиқотда Каспий денгизининг саёзланиш сабабларини қайта таҳлил қилди.
Улар ерусти ва сунъий йўлдошлардан олинган маълумотлар асосида 1990-йиллардан 2020-йилларгача Каспий денгизи тахминан 630 куб километр сув йўқотганини ҳисоблаб чиқди.
Тадқиқотчилар хулосасига кўра, ҳаво ҳарорати ошиши натижасида кучайган буғланиш ушбу йўқотишнинг атиги 37 фоизини изоҳлай олади. Демак, денгиз сатҳи пасайишининг асосий қисми бошқа омиллар билан боғлиқ.
Асосий сабаб — Волгадаги сув оқими камайиши
Олимлар Каспийга қуйиладиган дарёлар оқими ҳар йили ўртача 42 куб километрга қисқарганини аниқлади. Бунинг 32 куб километри Волга дарёси ҳиссасига тўғри келади.
Бу ерда қизиқ ҳолат кузатилган: Волга ҳавзасида ёғингарчилик аксинча ошиб бормоқда. Ҳар йили ўртача 11 миллиметрга кўпроқ ёғин тушмоқда. Шунинг учун иқлим ўзгариши дарё сувининг камайишини тўлиқ тушунтириб бермайди.
Номаълум омил ҳали ҳам топилмади
Тадқиқот муаллифлари сув оқимининг камайишини инсон фаолияти билан боғлашга уринган. Бироқ буни тасдиқловчи етарли маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмаслигини билдирган.
Шу билан бирга, рус тилидаги илмий тадқиқотларда СССР парчаланганидан кейин Волга сувидан фойдаланиш ҳажми тахминан 2,3 баравар камайгани қайд этилган. Бу эса инсон томонидан сув истеъмоли кўпайган деган тахминни ҳам шубҳа остига қўяди.
Каспий денгизи Сицилия ороличалик ҳудудни йўқотди: олимлар сабабини аниқлай олмаяпти
13:35 / 26.06.202610 5954 мин
Сўнгги 30 йилда Каспий денгизи сатҳи 2,3 метрга пасайиб, майдони қарийб 24 минг квадрат километрга қисқарди. Янги илмий тадқиқотга кўра, бу жараённинг атиги 37 фоизини глобал исиш билан изоҳлаш мумкин, қолган қисмига нима сабаб бўлаётгани эса ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.















