2024 йил март ойида АҚШнинг Балтимор шаҳрида юк кемаси бошқарувни йўқотиб, Фрэнсис Скотт Ки кўпригига урилиши оқибатида 47 йил хизмат қилган иншоот бир неча сония ичида қулаган эди. Бу воқеа ҳатто замонавий кўприклар ҳам турли хавф-хатарларга дуч келишини кўрсатди.

Шунга қарамай, инсоният тарихида шундай кўприклар борки, улар минглаб йиллар давомида сақланиб, ҳанузгача ўз вазифасини бажармоқда.

Аркадико кўприги — Европадаги энг қадимий кўприк

Грецияда жойлашган Аркадико кўприги, шунингдек Казарма кўприги номи билан ҳам машҳур. У милоддан аввалги тахминан 1300–1190 йилларда микенлар томонидан қурилган бўлиб, ёши қарийб 3 минг йилни ташкил этади.

Узунлиги 22 метр, баландлиги 4 метр ва кенглиги 2,5 метр бўлган кўприк улкан оҳактош блокларидан ҳеч қандай қоришмасиз қурилган. Бу қурилиш услуби «циклопик терма» деб аталади.

Кўприк савдогарлар, жангчилар ва араваларнинг шаҳарлар ўртасида хавфсиз ҳаракатланиши учун барпо этилган. Археологлар унда арава ғилдираклари учун махсус йўналтирувчи чеккалар ва ёмғир сувини чиқариш тизими ҳам мавжуд бўлганини аниқлаган.

Микен цивилизацияси аллақачон йўқолган бўлса-да, Аркадико кўприги ҳозир ҳам сайёҳлар ва пиёдалар учун очиқ.

Каравон кўприги

Туркиянинг Измир шаҳрида жойлашган Каравон кўприги милоддан аввалги тахминан 850 йилларда қурилган. Бир аркали тош кўприк асрлар давомида узлуксиз фойдаланиб келинган.

Ривоятларга кўра, «Илиада» ва «Одиссея» муаллифи Гомер шу атрофда туғилган ва ўз асарларида ушбу кўприкни тилга олган. Машҳур эртакчи Ҳанс Кристиан Андерсен ҳам Гомер айнан шу ерда дафн этилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

1950-йилларда кўприк транспорт оқимини ошириш учун кенгайтирилган ва бугунги кунда ҳам ундан фойдаланилмоқда.