1 августдан меҳнат низолари бўйича ихтисослашган судялар иш бошлайди. Болага зўравонлик қилган тарбиячига боғчада ишлаш 1 йилга тақиқланиши мумкин. Зўравонликдан жабрланганларга бошпана муддати 30 кундан 6 ойгача узайтирилади. Зарафшон дарёсида 3 нафар йигит чўкиб кетди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

1 августдан меҳнат низолари бўйича ихтисослашган судялар иш бошлайди

2026 йил 1 августдан бошлаб меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судялар фаолияти йўлга қўйилади. Янги тартиб меҳнатга оид ишларни тезкор ва сифатли кўриб чиқиш, суд амалиётини бирхиллаштиришга қаратилган.

Янги тартибга кўра, Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида меҳнат низолари бўйича 4 нафар судя фаолият кўрсатади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида 3 нафардан ихтисослашган судя ишлайди. Қарорга асосан, 2026 йил 1 августдан кейин судларга келиб тушган меҳнат низоларига оид барча аризалар айнан ихтисослашган судялар ўртасида тақсимланади.

Болага зўравонлик қилган тарбиячига боғчада ишлаш 1 йилга тақиқланиши мумкин

Сенатнинг навбатдаги мажлисида айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш маъқулланди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда таълим ташкилотида тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этганлик, шунингдек уни таҳқирлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсга нисбатан бир йил муддат давомида мактабгача таълим ташкилотида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.