Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ректорлар мактаби» дастурига қабул қилиш тартиби тасдиқланди
Адлия вазирлиги «Янги Ўзбекистон» университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлашга қаратилган «Ректорлар мактаби» дастурига қабул қилиш тартибини давлат рўйхатидан ўтказди. Янги низомга кўра, номзодлар очиқ танлов асосида тўрт босқичли саралашдан ўтади.
Адлия вазирлиги маълум қилишича, «Янги Ўзбекистон» университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича «Ректорлар мактаби» дастури доирасида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2026 йил 13 июл куни 3897-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга мувофиқ, дастурда иштирок этиш учун номзодлар камида 30 ёшга тўлган, магистр академик даражасига эга, олий таълим соҳасида камида беш йиллик иш тажрибасига, шу жумладан, раҳбарлик лавозимларида камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.
Қабул жараёни тўрт босқичда ташкил этилади. Улар ҳужжатларни қабул қилиш ва ўрганиш, тест синовлари, психологик баҳолаш ҳамда суҳбатдан иборат.
Номзодларнинг тест, психологик баҳолаш ва суҳбат натижалари бўйича тўплаган умумий баллари асосида рейтинг шакллантирилади. Қабул квотаси доирасида энг юқори натижа қайд этган номзодлар ўқишга тавсия қилинади.
Шунингдек, низомда ҳужжатларни топшириш тартиби, баҳолаш мезонлари, натижаларни эълон қилиш, апелляция бериш ҳамда қабул жараёнининг шаффофлигини таъминлаш механизмлари ҳам белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 177-сон қарорига мувофиқ, давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар фақат «Ректорлар мактаби» дастурини муваффақиятли тамомлаган ва ректорлар захирасига киритилган шахслар орасидан танлаб олинади.