Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркорлар учун валюта операцияларида янги енгиллик жорий этилди
Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига киритилган ўзгартиришга кўра, тадбиркорлик субъектлари эндиликда ички валюта бозоридан сотиб олинган валюта маблағларидан фойдаланиш мақсадини қайта сотиб олиш амалиётисиз ўзгартириши мумкин.
Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларининг 28-бандига киритилган ўзгартириш давлат рўйхатидан ўтказилди (3281-6-сон, 2026 йил 16 июл).
Амалдаги тартибга кўра, “Валютани тартибга солиш тўғрисида“ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, жорий халқаро операциялар билан боғлиқ ҳолларда чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш чекловларсиз амалга оширилади.
Шу билан бирга, махсус валюта ҳисобварақларига ўтказилган маблағлар буюртмада кўрсатилган мақсадлар учун сарфланиши шарт эди.
Илгари бир шартнома доирасида сотиб олинган валюта маблағларидан бошқа шартнома бўйича фойдаланиш зарурати туғилганда, тадбиркорлар ушбу валютани аввал банкка сотиши, сўнгра янги мақсад учун қайта сотиб олиши талаб этиларди.
Янги ўзгартириш мазкур жараённи соддалаштиришга қаратилган. Энди тадбиркорлик субъектлари ички валюта бозоридан сотиб олинган валюта маблағларидан фойдаланиш мақсадини белгиланган тартибда ўзгартириши мумкин бўлади.
Мазкур ўзгартиш тадбиркорлар учун ортиқча вақт ва харажатларни қисқартириш, шунингдек, валюта операцияларини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
11:15 / 13.07.2026
Тадбиркорларни қўрқитиб пул олган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
10:00 / 29.06.2026
Тадбиркорларни текширишнинг янги тартиби белгиланди
19:51 / 27.05.2026
1 доллар ≠ 1 сўм ≠ 1 рубл. Валюталар қиймати нега ҳар хил?
09:39 / 27.05.2026