Ярим йил мобайнида Украина мудофаа вазирлигини бошқариб келган Михаил Федоров янги ҳукуматдан ўрин олмайди. Федоровнинг истеъфоси Украина ҳукуматидаги кадрлар ўзгариши фонида рўй бермоқда. Олий рада 14 июл куни бош вазир Юлия Свириденконинг истеъфосини қабул қилди, қолган вазирлар автоматик тарзда ўз лавозимларини йўқотишди. «Украинская правда» нашри ёзишича, вазирларнинг бир қисми ўз лавозимига қайтадан тайинланади, ҳукумат истеъфоси эса «исёнкор» Федоров ишини ҳал қилиш учун баҳона бўлди.
Федоровнинг тақдири ҳақида расман хабар қилинмади. Унинг ўзи эса амалда ҳукуматга қайтмаслигини тасдиқлади ва ижтимоий тармоқлар орқали мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимида «украин халқига хизмат қилиш» ўзи учун катта шараф бўлгани ҳақида ёзди.
Мудофаа вазири бўлишдан олдин Федоров рақамли трансформация вазирлигини бошқарган. У бу лавозимда украинлар ҳужжатлар, нафақалар, кредитлар, солиқлар ва бошқа масалаларга оид ҳар қандай хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлган «Дія» мобил иловасини ишга тушириб, амалда «смартфондаги давлат»ни яратганди. Кенг кўламли уруш бошлангач, айнан Федоров америкалик миллиардер тадбиркор Илон Маск билан алоқалари Украина қўшинлари Starlink орқали сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланишини таъминлаганди.
Украина нашрларига кўра, энди мудофаа вазирлиги бошқаруви Игор Клименкога топширилиши кутилмоқда. У муқаддам Миллий гвардия раҳбари бўлган, 2023 йилдан буён ички ишлар вазирлигини бошқармоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Клименконинг ўзи янги лавозимга ўтишга рўйхушлик бермаган. Агар барибир унинг янги тайинлови амалга ошадиган бўлса, у Россия билан уруш даврида Украина мудофаа вазирлигидаги бешинчи раҳбар бўлади.
Украина мудофаа вазири ўзгаришининг асосий сабаби Федоров ва мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ўртасида ихтилоф чиққани бўлмоқда. «РБК-Украина» суҳбатдошларига кўра, «Слуги народа» депутатлари билан суҳбат чоғида Украина президенти Володимир Зеленский Федоровнинг ишдан кетишининг икки сабабини келтирган: уруш олиб борасида Сирский билан турлича қарашларга эга бўлгани ва давлат харидларини бош штаб билан мувофиқлаштирмаслик.
Аноним тарзда «Украинская правда» билан суҳбатлашган депутатларнинг сўзларига кўра, «Слуги народа» партияси вакиллари билан учрашувда Зеленский учун Федоровнинг истеъфоси ҳақида гапириш «ноқулайлик» туғдирган. Яқинда ҳам ушбу вазирни мамлакат раҳбарининг яқин кишиларидан бири сифатида кўришарди.
Нашрнинг тасдиқлашича, Сирский ва Федоров ўртасидаги зиддиятга мудофаа вазирлигидаги ислоҳотлар сабаб бўлган. У шу йил январида янги мудофаа вазири этиб тайинлангач, вазирликда кенг кўламли кадрлар алмашинувини бошлади, вазирликни харидларда очиқ тендерларга ўтказди ва мудофаа шартномалари учун қаттиқ текширув жорий этди, шунингдек, Украина қуролли кучлари бош штабининг барча сўровларини автоматик қаноатлантиришдан бош тортди.
















