Украина президенти Володимир Зеленский Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилишдаги уч кун давом этган танаффус якунланганини маълум қилди. Бу билан АҚШ президенти Доналд Трамп эълон қилган «энергетика сулҳи» ҳам якунланди.

«Мен ҳарбийларимга „энергетика сулҳи“ пайтида Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ва дизел билан боғлиқ барча нарсаларга ҳужум қилмаслигимизни айтдим, чунки агар биз ҳужум қилсак, кимдир <...> биз сулҳни бузганимизни айтарди», – дея вазиятни тушунтирди Зеленский пайшанба куни Financial Times нашрига берган интервюсида.

Зеленскийнинг таъкидлашича, биринчи ва иккинчи куни Россия Украинанинг ёқилғи қуйиш шохобчалари ва ёқилғи инфратузилмасига «унча кучли бўлмаган» зарбалар берган, аммо учинчи куни мамлакатдаги барча асосий энергетика инфратузилмаси объектларига ҳужум қилинган.

Financial Times журналистининг Украина яна қанча вақтгача Россияга ҳужум қилмай туришга тайёрлиги ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Зеленский шундай деди: «[Нефтни қайта ишлаш заводлари бўйлаб] зарбаларга тақиқ бекор қилинди. Бўлди. Етар».

Президентнинг сўзларига кўра, Россиянинг чоршанба куни кечқурун йўллаган зарбаларидан сўнг, жумладан, Луцкда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгач, у ҳарбийларга танаффус тугаганини айтган.

У Украина АҚШ истагини бажариб, уч кун давомида Россиядаги энергетика объектларига ҳужум қилмаганини қайд этган. Шу билан бирга, Москва Украина энергетика инфратузилмасига зарба беришда давом этган, натижада сўнгги бир ҳафта ичида тинч аҳоли орасида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Танаффусдан кейинги илк зарба

Украина қуролли кучларининг қисқа муддатли танаффусдан кейинги илк зарбаси Рязан областидаги нефтни қайта ишлаш заводига бўлган. «Роснефт»га тегишли бўлган бу завод Москва шаҳри ва Москва областига таъминот етказишда муҳим ҳисобланади.

Рязан области губернатори Павел Малков 15 октябр тонгида «дронларнинг регионга ёпирилма ҳужуми» натижасида Рязандаги 14 та мактабда ва 25 та болалар боғчасида дарслар бекор қилинганини маълум қилди. Украинадаги Exilenova+ мониторинг канали Рязан нефтни қайта ишлаш заводи узра аланга кўтарилгани акс этган видеони эълон қилиб, бу украинлар дрони ҳужуми билан боғлиқ эканини тахмин қилган.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучлари Рязан нефтни қайта ишлаш заводига 69 та дрон ва тўртта «Фламинго» қанотли ракеталари билан ҳужум қилганини маълум қилди. Россия ҳарбий идораси «дронлар ва ракеталар уриб туширилгани», аммо «дрон парчалари тушиши оқибатида нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ёнғин содир бўлгани»ни маълум қилган.