Россия Давлат статистика хизмати — Росстат маълумотларига кўра, жорий йилнинг июн ойида нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,8 фоизга пасайган.
Таққослаш учун, май ойида ушбу кўрсаткич йиллик ҳисобда 13,5 фоизга камайган эди. Демак, июн ойида пасайиш суръати янада кучайган.
Табиий ҳажмлар эълон қилинмайди
РБК нашрининг ёзишича, Росстат мазкур индексни товарлар «саватчаси» қийматини доимий базавий нархларда ҳисоблаш орқали шакллантиради. Ҳозирги ҳисоб-китобларда 2023 йил базавий давр сифатида қабул қилинган.
Нашр таъкидлашича, Россия ҳукумати қарорига кўра, мамлакатда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг табиий ҳажмлари (тонна ёки бошқа физик ўлчовларда) ҳақидаги маълумотлар оммага эълон қилинмайди.
Ёнилғи нархлари ўсиши секинлашган
Росстат маълумотларига кўра, Россияда бензин ва дизел ёнилғиси нархлари ўсиши ҳам бироз секинлашган.
20 июл билан якунланган ҳафтада бензин нархи 1,7 фоизга ошган. Олдинги ҳисобот ҳафтасида эса бу кўрсаткич 2,3 фоизни ташкил этган.
Дизел ёнилғиси нархи эса 1,9 фоизга қимматлашган. Бир ҳафта аввал ўсиш 3,2 фоиз бўлган.
Украина ҳужумлари ёқилғи инқирозини кучайтирди
2026 йил ёзида Украина томонидан Россиянинг нефт омборлари ва нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилган ҳужумлар кучайиши ортидан мамлакатда тўлиқ масштабли уруш бошланганидан буён энг жиддий ёнилғи танқислиги юзага келди.
Reuters агентлиги баҳосига кўра, украин дронлари зарбалари натижасида Россиянинг нефтни қайта ишлаш қувватларининг тахминан 25 фоизи тўлиқ ёки қисман ишдан чиққан.
Бу ҳолат айрим ҳудудларда ёнилғи сотувига чекловлар жорий этилишига олиб келган. Шу билан бирга, Россия расмийлари бозордаги вазият аста-секин барқарорлашаётганини таъкидламоқда.











