Ар-Риёднинг шу пайтгача шаклланган минтақавий қарашлари қандай эди? Нега у бугун мураккаб геостратегик ҳолатда? Асосий иттифоқчиси АҚШнинг Яқин Шарқдаги мавқейи заифлашиши Саудия манфаатлари учун нимани англатади? Ҳусийчиларнинг саудлар танкерларига ҳужуми фонида, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида шу каби саволларга жавоб берди.
АҚШ-Эрон уруши эскалация томон кетмоқда. АҚШда катта уруш стратегияси ва ғалаба лойиҳаси мавжуд эмас. Шунинг учун АҚШнинг Эронга зарбаларидан мақсад – расмий Теҳронни жазолаш, қўрқитиш, Вашингтон шартларига кўндиришдан иборат.
Бироқ Эрон қўрқиш ниятида эмас. Аксинча, Теҳрон Вашингтонга басма-бас жавоб бериш ниятида.
Шу фонда Эроннинг минтақадаги энг йирик иттифоқчиларидан бири ҳисобланмиш Ямандаги ҳусийчилар АҚШ-Эрон урушига тўлақонли кириб келмоқда. Куни кеча “Ансоруллоҳ” ҳаракати (ҳусийчилар) Баб-ал-Мандиб бўғозида Саудия Арабистонига тегишли иккита нефт танкерига ҳужум қилган. Қурбонлар йўқ, лекин танкер ва унга ортилган нефт йўқ қилинган. Бу – АҚШ-Эрон урушининг кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Эрон томонидан Ҳўрмуз буғози, мана энди ҳусийчилар томонидан Баб-ал-Мандиб бўғозининг блокланиши – дунё иқтисодиёти ва энергетика секторига кучли зарба бўлмоқда. Кейинги кунларда нефт нархи кескин ошиб, бир баррел учун 100 доллар остонасига етиб қўйди.
Ҳусийчилар бу зарбаларни изоҳларкан, “Саудия томони биз жорий қилган тартибга риоя қилмади”, “Саудия Арабистони бизга нисбатан 12 йиллик кураш олиб борган эди, шунинг ўчини ҳам олдик” дея баёнотлар берди.
Саудия ҳозир бир неча йил олдинги каби Яманда ҳарбий операция ўтказишдан тийилишни афзал кўради. Чунки кўриб турибди, урушлар давлатларни ҳолсизлантиради, қурол-яроғ захираларини емиради, бу эса Исроилга муқаррар қулайлик яратади. Бошқа томондан, бир пайтлар Эронга ва ҳусийчиларга қарши турган Саудия бугун тўлақонли янги дипломатик оҳанг ҳам шакллантира олмаяпти.
АҚШ-Эрон урушининг марказида турувчи энг асосий масала – минтақадаги қудрат ва ҳокимият масаласидир. АҚШ минтақада ўзининг гегемонлигини сақлаб қолишни истайди, Эрон эса ҳозирги фурсатдан фойдаланиб, бу статус-квони кўриб чиқиш ниятида. Шунинг учун ҳам бу урушнинг оқибатлари минтақа учун тарихий аҳамиятга эга. Жумладан, Саудия Арабистони учун ҳам.
Саудия Арабистони минтақадаги энг йирик давлатлардан бири, энергетик супер-қудрат, ислом цивилизациясининг географик ва тарихий марказ давлати, араб дунёсининг лидери. Бугун Саудияни ўз томонига оғдириш ёки ўз тарафида ушлаб қолиш учун жиддий курашлар кетмоқда. Саудия Арабистонининг амбициялари шундайки, у бошқаларга эргашишни эмас, лидер бўлиб, бошқаларни эргаштиришни истайди.

















