Биринчи ҳолат Тошкент халқаро аэропортида аниқланган. ДХХ ва божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Бангкок — Тошкент» йўналишида учиб келган фуқаронинг юклари белгиланган тартибда рентген аппарати орқали текширилган.
Текширув вақтида юклар орасида шубҳали озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги аниқланиб, улар очиб кўрилган.
Маълум бўлишича, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган ва муқаддам судланган шахс турли озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида 978 грамм каннабис мойи ҳамда таркибида психофаол модда бўлган, тахминий оғирлиги 500 грамм қўзиқоринларни олиб кирган.
Тезкор хизматлар маълумотига кўра, мазкур маҳсулотлар кейинчалик сотиш мақсадида олиб келинган.
Иккинчи ҳолат Тошкент тумани ҳудудида қайд этилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳаракатланаётган «Дамас» русумли автомобилни тўхтатиб, холислар иштирокида кўздан кечирган. Автомобилда йўловчи сифатида кетаётган Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Учкўприк туманларида яшовчи, 1987 ва 1989 йилларда туғилган икки нафар шахсга тегишли полиэтилен пакетлар текширилган.
Натижада улардан таркибида «Сибутрамин» кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 12 992 дона қаҳва маҳсулоти топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу маҳсулотлар қўшни республикадан олиб келинган бўлиб, уларни Фарғона вилоятида сотиш режалаштирилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.









