Саудияга шарқдан Эрон, шимолдан Ироқдаги айрим гуруҳлар, жанубдан ҳусийчилар вақти-вақти билан зарбалар бериб турибди. Подшоҳлик ғарбида эса Исроил экспансионизми кетмоқда. Мамлакат ичкарисида шиа гуруҳлари билан боғлиқ ҳолда рўй берган яқин ўтмишдаги воқеалар ҳам сиёсий элитанинг ёдидан чиқмаган. Хўш, шундай шароитда подшоҳлик урушга кирмасдан, ўз хавфсизлигини қандай таъминлай олади? Kun.uz шундай савол билан сиёсий таҳлилчиларга юзланди.

Камолиддин Раббимов: Ҳусийчиларнинг ракета ва дрон ҳужумлари Саудия Арабистони учун жиддий хавфсизлик муаммоси бўлса-да, уларни давлат мавжудлигига бевосита таҳдид солувчи (экзистенциал) хавф деб баҳолаш қийин. Бу ҳужумлар Саудия инфратузилмасига, энергетика объектларига ва иқтисодиётига зарар етказиши мумкин, аммо ҳусийчиларнинг Саудия ҳудудини эгаллаб олиш ёки давлатни ҳарбий йўл билан йўқ қилиш салоҳияти мавжуд эмас. Шу сабабли Ар-Риёд учун ҳусийчилар кўпроқ доимий безовталик омили, хавфсизлик харажатларини оширадиган муаммо ҳисобланади. Улар Саудия Арабистонини йўқ қилишдан кўра, мамлакатни мунтазам равишда босим остида ушлаб туриш имкониятига эга.

Бу вазиятда Эрон билан муносабатларнинг ўзгариши муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳусийчиларга Эроннинг таъсири мавжудлиги аён. 2023 йилдаги Саудия–Эрон яқинлашувидан кейин ҳусийчиларнинг Саудия ҳудудига ҳужумлари сезиларли даражада камайгани ҳам бунга мисол бўла олади. Бу эса Ар-Риёд учун муаммони фақат ҳарбий йўл билан эмас, балки дипломатик каналлар орқали ҳам бошқариш мумкинлигини кўрсатди. Бироқ Яқин Шарқдаги янги урушлар ва Эроннинг минтақадаги иттифоқчилари орқали босимни кучайтириши вазиятни яна ўзгартирди.

Эрон ўзининг минтақавий таъсири ва ҳарбий имкониятларини намойиш этиш учун иттифоқчи кучларнинг фаоллигидан фойдаланмоқда. Шу сабабли Саудия Арабистони олдида мураккаб танлов турибди: бир томондан, ҳудудига ракета ва дрон ҳужумларини тўхтатиши керак, иккинчи томондан эса, Эрон ва унинг иттифоқчилари билан тўғридан тўғри урушга киришишдан манфаатдор эмас. Ар-Риёд учун энг мақбул йўл – ҳарбий мудофаани кучайтириш билан бирга, дипломатик босим ва минтақавий келишувлардан фойдаланиб, ҳужумларнинг манбасини жиловлашдир.

Ҳикматилла Казакбаев: Сўнгги вақтларда Саудия Арабистонига Ироқ ҳудудидан ҳам дронлар учирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Саудия Ироқ билан қарийб 800 километрдан ортиқ чегарага эга ва Ироқ ҳудудида Эронга яқин шиа қуролли гуруҳлари фаолият юритади.

Бошқа томондан эса, Қизил денгиз орқали ҳусийлар таҳдиди мавжуд. Саудия Арабистони учун яна бир муҳим масала – энергетика экспортининг хавфсизлиги. Риёз Ҳўрмуз бўғозини четлаб ўтиб, нефтнинг бир қисмини Қизил денгиз орқали экспорт қилиш имкониятига эга. Бироқ Қизил денгизнинг ўзи ҳам сўнгги йилларда хавфсиз транспорт йўлаги бўлиб қолмаяпти. Демак, Саудия бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишдан келаётган хавфларни ҳисобга олишга мажбур.

Покистон ва Туркия билан мудофаа пактига келсак, бу алянсга унинг ҳар бир аъзоси қайси манфаатлари нуқтайи назаридан қараётгани муҳим. Туркия учун Исроил омили алоҳида аҳамиятга эга. Сўнгги вақтларда Анқарада Исроил Туркия учун асосий таҳдидлардан бири экани ҳақида кўплаб баёнотлар янграмоқда. Туркиянинг географик жойлашувига қарайдиган бўлсак, Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмида Кипр, Греция ва Исроил ўртасидаги сиёсий, ҳарбий ва энергетик ҳамкорлик Анқарада хавотир уйғотмоқда. Бу давлатлар ўртасида мунтазам саммитлар, ҳарбий машғулотлар ва энергетика лойиҳалари мавжуд. Шу сабабли Туркия ўзини денгиз йўналишида маълум даражада стратегик босим остида ҳис қилмоқда.

Саудия Арабистони учун эса вазият бошқачароқ. Унинг асосий муаммоларидан бири – ҳудудининг ниҳоятда катта экани. Бундай улкан ҳудудни, айниқса, ҳаво ҳужумларидан тўлиқ ҳимоя қилиш жуда мураккаб. Шу нуқтайи назардан, Покистоннинг бу жараёнга қўшилиши алоҳида аҳамиятга эга. Макка пакти имзоланганидан кўп ўтмай, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўртасида телефон мулоқоти бўлгани, Моди ўша куни Исроил билан ҳамжиҳатлигини ижтимоий тармоқ орқали билдиргани эътиборли. Буни Макка пактига жавоб сифатида талқин қилиш мумкин.

Бу ерда яна рамзий жиҳат ҳам бор. Пакт имзолангач, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон раҳбарлари Маккада биргаликда жума намозини адо этдилар. Шу сабабли айрим таҳлилчилар ушбу келишувни сунний давлатларнинг сиёсий-ҳарбий яқинлашуви, ҳатто шиа кучларига қарши потенциал блок сифатида талқин қилди. Бундай талқин мавжуд, бироқ иттифоқдаги ҳар бир давлатнинг ўзига хос миллий ва стратегик манфаатлари ҳам бор.

Менимча, ушбу келишувдан энг катта манфаат кўриши мумкин бўлган давлат – Саудия Арабистони. Чунки АҚШнинг ҳарбий базалари мамлакат ҳудудида мавжуд бўлишига қарамай, улар Саудия учун барча хавфларни автоматик равишда бартараф этмаслиги аён бўлди. Агар келажакда Покистон ва Туркиянинг ҳарбий контингентлари ёки мудофаа инфратузилмаси Саудия Арабистонида жойлаштирилса, вазият бутунлай ўзгариши мумкин. Масалан, Саудия ҳудудида Покистон ҳарбийлари мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор. Агар бунга Туркия ҳарбийлари ҳам қўшилса, Эроннинг Саудияга қарши зарбалари масаласи анча мураккаблашади.

Саудия Арабистони олдида, аслида, бир нечта стратегик вариантлар мавжуд: Исроил билан яқинлашиш, Эрон билан муросани давом эттириш ёки АҚШга тўлиқ таянмасдан, Туркия ва Покистон каби давлатлар билан мустақил хавфсизлик механизмини шакллантириш. Саудия учун асосий хулоса шуки, катта молиявий имкониятлар ҳам ҳар доим хавфсизликни кафолатламайди. Форс кўрфазидаги давлатларнинг ҳужумга учраши буни кўрсатди. Кувайт, Қатар ва Саудия тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий қудрат ҳарбий таҳдидлардан тўлиқ ҳимоя қилувчи восита эмас.

Шунинг учун Макка пакти Ар-Риёд учун нафақат ҳарбий, балки стратегик суғурта механизми сифатида ҳам кўрилиши мумкин. Саудия Арабистони АҚШ билан иттифоқни сақлаб қолган ҳолда, хавфсизлик бўйича муқобил ҳамкорларни ҳам шакллантиришга интилмоқда. Албатта, бу жараёнда Покистон–Ҳиндистон муносабатлари, Туркия–Исроил зиддиятлари ва АҚШнинг позицияси каби омиллар ҳам муҳим. Саудия Арабистони каби давлат бундай йирик хавфсизлик иттифоқини Вашингтон билан ҳисоблашмасдан шакллантириши қанчалик мумкинлиги эса алоҳида савол. Эҳтимол, бу масала АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан дипломатик маслаҳатлашувларда ҳам муҳокама қилинган.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.