Франция ва Испания қутқарув хизматлари Европанинг жануби-ғарбида кузатилаётган янги иссиқ ҳаво тўлқини фонида сўнгги ўн йилликлардаги энг вайронкор ўрмон ёнғинларига қарши курашни давом эттирмоқда.
Франция президенти Эммануэл Макрон 27 июл куни мамлакат жануби-ғарбидаги ёнғинлар асосан жиловланганини маълум қилди. Бироқ Бордо шаҳри яқинидаги айрим ҳудудларда оловни назоратга олиш ҳали ҳам мураккаб бўлиб қолмоқда.
Макрон фавқулодда вазиятларга жавоб бериш хизматларининг инқирозга қарши марказига ташриф буюрди. AFP агентлиги келтирган маълумотга кўра, президент олдиндаги ҳафталар оғир кечишидан огоҳлантирган.
Унинг таъкидлашича, Францияда ҳозир кузатилаётган ўрмон ёнғинлари Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён энг кучлиси ҳисобланади.
42 минг гектар ҳудуд ёнғиндан зарар кўрди
Бордо ва Атлантика океани соҳили оралиғидаги ҳудудларда 22 июлдан буён ёнғинлар қарийб 42 минг гектар майдонни қамраб олган.
27 июл куни ҳам олов тарқалишда давом этган. Хавфли ҳудудлардан 220 минг киши хавфсиз жойларга эвакуация қилинган.
Умуман, жорий йил бошидан буён Франция бўйлаб ўрмон ёнғинлари 116 минг гектар майдонни йўқ қилгани айтилмоқда.
Францияда илк бор «оловли булутлар» қайд этилди
AFP маълумотларига кўра, Франция жануби-ғарбида мамлакат тарихида илк бор момақалдироқли «оловли булутлар» — пирокумулонимбуслар қайд этилган.
Бундай ҳодиса йирик ёнғинлар пайтида ер юзаси яқинидаги ҳаво жуда кучли қизиши натижасида юзага келади. Қизиган ҳаво тутун, сув буғи ва кул билан бирга катта тезликда юқорига кўтарилади. Айрим ҳолларда бу масса ҳатто стратосферагача етиб бориши мумкин.
У юқори қатламлардаги совуқ ҳаво массалари билан тўқнашганда кучли шамоллар пайдо бўлади. Бу шамоллар эса ёнғиннинг янада тез тарқалишига олиб келиши мумкин. Бундай булутларда чақмоқ ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли бор.
Илгари шунга ўхшаш ҳодисалар Австралия ва Канададаги улкан ўрмон ёнғинлари вақтида кузатилган.
Франция ёнғин хизмати вакили Эрик Брокарди мамлакат учун бундай ҳодисани «мисли кўрилмаган» деб баҳолаган.
Унинг тушунтиришича, бундай «оловли бўрон»ни ўчириш ёки назоратга олиш ниҳоятда қийин. Сабаблардан бири — шамол йўналишининг тез-тез ўзгариши.










