“Андижон полкаси”ни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун вилоят ҳокими қарори билан 730 млн сўм ажратилгани маълум бўлди.
Андижон вилояти ҳокимининг маблағ ажратиш ҳақидаги қарори 22 июн куни имзоланган. Ҳужжатда вилоят бюджетининг 2026 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Андижон полкаси”ни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш билан боғлиқ харажатларга 730 млн сўм маблағ ажратиш белгиланган.
Маблағ вилоят маданият бошқармасига ажратилган. Уни мақсадли ва самарали ишлатишни таъминлаш бошқарма бошлиғига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, 23 июн куни Андижон вилояти марказидаги стадионда «Андижон полкаси» рақсига тушиш орқали рекорд ўрнатилганди. Стадионда 20 минг киши бир вақтнинг ўзида рақсга тушган.
Улар орасида Асака туманидаги 14-мактабнинг 8-синф ўқувчиси, 15 ёшли Фаррух Неъматов ҳам бўлган. У ўша куни тадбирдан қайтишда ўзи ўқийдиган мактаб директори бошқарувидаги Damas'да автоҳалокатга учраб, шифохонада вафот этганди.
“Ҳокимиятдан келган топшириқни деб, боламга куйиб ўтирибман”, деганди марҳумнинг онаси.











