Табрикда қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат, шунингдек, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Президент сўнгги йилларда «Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда» деган эзгу ғоя асосида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос модели шакллантирилганини қайд этди. Шунингдек, ушбу соҳада қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси бу йўналишдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлагани таъкидланди.

Табрикда мамлакатда 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамияти фаолият юритиши, таълим жараёнлари етти тилда, телерадио кўрсатувлари эса 12 тилда эфирга узатилаётгани, 14 тилда газета ва журналлар нашр этилаётгани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Давлат раҳбари, шунингдек, турли миллат вакилларидан иборат профессионал «Дўстлик» ансамблини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу ижодий жамоа мамлакат маданий ҳаётида муносиб ўрин эгаллаб, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президент табрик сўзи якунида барча юртдошларни Халқлар дўстлиги куни билан яна бир бор қутлаб, уларга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт ва Ватан равнақи йўлида улкан зафарлар тилади.