Ўзбекистонда банк депозитлари бўйича фоиз даромадлари солиққа тортилиши мумкин. Бу ҳақда 30 июл куни «Фискал мулоқот» тадбирида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти бош мутахассиси Фазлиддин Шамсиев маълум қилди, дея хабар берди Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, омонатлардан олинадиган фоизлар 1998 йилдан буён солиқдан озод қилинган. Натижада депозит фоизлари пассив даромаднинг солиқ солинмайдиган асосий турларидан бири бўлиб қолмоқда. Дивиденд даромадларига 5 фоиз, ижара, роялти ва капитал қийматининг ўсишидан олинадиган даромадларга эса, одатда, 12 фоиз ставка қўлланади. Фискал тадқиқотлар институти мутахассислари банк омонатлари бўйича мавжуд имтиёзни бекор қилиш ва ушбу даромадларга дивидендлар билан бир хил ставкада солиқ солишни таклиф қиляпти. Бунинг учун Солиқ кодексининг 381-моддасига ўзгартириш киритиш талаб этилади.

Ташаббускорлар ўз тақдимотида халқаро тажрибани ҳам мисол тариқасида келтиришди. Таъкидлашича, бундай даромадлардан Қозоғистон, Озарбайжон ва Ҳиндистонда 10 фоиз, Таиландда 15 фоиз, Индонезияда 20 фоиз, Германияда 26,4 фоиз, Туркияда эса 15 – 40 фоиз ставкада солиқ ундирилади.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, 5 фоизлик солиқнинг жорий этилиши давлат бюджетига қарийб 1,4 трлн сўм қўшимча даромад келтириши мумкин. Бунда 2026 йил 1 май ҳолатига жисмоний шахсларнинг 170,2 трлн сўм миқдоридаги депозитлари борлиги, ўртача фоиз ставкаси 16 фоиз эканлиги ва таклиф этилаётган солиқ ставкаси 5 фоизлиги ҳисобга олинган. Масалан, 20 фоиз ставкада 200 млн сўм банкка қўйилса, 1 йилда 40 млн сўм даромад келтиради. Айни пайтда ушбу 40 млндан 5 фоиз яъни 2 млн сўмни солиққа ушлаб қолиш таклиф этиляпти.