Россия қўшинлари 29 июлга ўтар кечаси Украина ҳудудига навбатдаги оммавий дрон ҳужумини амалга оширди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, ҳужумда жами 80 та учувчисиз учиш аппарати қўлланган.

Ҳужумларда Эронда ишлаб чиқилган Shahed туридаги дронлар, «Гербера», «Италмас», «Бандерол» жанговар аппаратлари ҳамда «Пародия» номли дрон-имитаторлардан фойдаланилган. Улар Брянск, Курск, Орёл, Приморск-Ахтарск, Донбасснинг Россия назоратидаги қисми ва қўшиб олинган Қримдаги Гвардейское ҳудудларидан учирилган.

Украина ҳарбийлари дастлабки маълумотларга кўра, мамлакат шимоли, жануби ва шарқида 65 та дрон ҳаво мудофааси тизимлари томонидан йўқ қилинганини билдирди. Шу билан бирга, 14 та ҳужумкор дрон 10 та нуқтага етиб боргани, уриб туширилган дронлар парчалари эса яна икки жойга тушгани қайд этилди.

Украина ҳарбийлари маълум қилишича, дронлар ҳужуми кундузи ҳам давом этган. Навбатдаги ҳужумлар Одесса, Полтава, Харкив вилоятлари ва Кривий Рих йўналишларида кузатилган.

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг маълум қилишича, 58 ёшли Херсон шаҳри фуқароси шифохонада вафот этган. У Россиянинг Shahed дрони турар жойга берган зарбаси оқибатида оғир жароҳат олган эди. Ҳужум натижасида яна камида уч киши жароҳатланган бўлиб, уларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Аввалги куни ҳам Херсонда бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Суми вилоятида эса Россия қўшинлари 24 та аҳоли пунктини ўққа тутган. Украина Миллий полицияси маълумотига кўра, ҳужумларда бошқариладиган авиация бомбалари, ҳужумкор дронлар, FPV-дронлар, артиллерия ва миномётлар қўлланган. Оқибатда 62 ёшли аёл жароҳат олган.

Ҳужумлар натижасида бир қатор хусусий уйлар, фуқаролик инфратузилмаси объектлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, хўжалик бинолари ва фермага зарар етган. Шунингдек, зарбалар оқибатида буғдой майдонида ёнғин чиққан. Украина полицияси ҳужумлар етказган зарарни баҳолаш ва оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этаётганини маълум қилди.