Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, Наманган шаҳрида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, ундаги йўловчидан 944 грамм «гашиш» аниқланган. Терговга қадар текширувда мазкур шахс гиёҳвандлик воситасини Наманганда яшовчи наркосавдогардан 9900 АҚШ долларига сотиб олгани маълум бўлган.
Шундан сўнг ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи наркосавдогар ушланиб, ундан 9200 АҚШ доллари ва 18,4 миллион сўм пул ашёвий далил сифатида олинган. Кейинги босқичда эса уларга гиёҳвандлик воситасини етказиб берган Андижон вилоятилик икки нафар шахс ҳаракатланаётган Lacetti автомашинасидан 9 килограмм 801 грамм «гашиш» мусодара қилинган.
Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса Бекобод шаҳрида «закладка» усулида яшириб кетилган 977 грамм «гашиш»ни қабул қилиб олаётган 1985 йилда туғилган маҳаллий фуқаро қўлга олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.











