Баҳрайннинг Alayam газетаси ёзишича, Жаҳон шахмат олимпиадаси Марказий Осиё тарихида илк бор Ўзбекистонда ташкил этилмоқда. Мусобақа Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро кўргазмалар марказида ўтказилиб, мамлакатнинг йирик халқаро спорт тадбирларига мезбонлик қилиш салоҳиятини яна бир бор намоён этади.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг шахматдаги ютуқлари президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва спортнинг ушбу турини оммалаштиришга қаратилган узоқ муддатли сиёсат самарасидир. Бу эса халқаро майдонда рақобатлаша оладиган янги авлод шахматчиларини тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Мақолада таъкидланишича, Шахмат олимпиадаси 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган энг йирик халқаро спорт тадбирларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, куз ойларида Тошкентда сув спорт турлари бўйича Жаҳон кубоги ва стол тенниси бўйича Осиё чемпионати, ноябр ойида эса самбо ҳамда дзюдо бўйича жаҳон чемпионатлари ҳам бўлиб ўтади.










