1 август куни Москванинг Баррикада кўчасидаги кўп қаватли бино олдида портлаш рўй берди. Бу вақтда ушбу бинонинг биринчи қаватида жойлашган Balzi Rossi ресторанида хусусий маросим ўтказилаётганди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу портлаш оқибатида беш киши ҳалок бўлиб, йигирмадан ортиқ киши яраланган. Портловчи қурилмани ресторанга курьер олиб келган, қўриқчи уни ичкарига киритмаган ва шундан кейин қурилма масофадан туриб портлатилган.
Москва шаҳри мэри Сергей Собянин ҳодисани теракт деб атаган, ҳукумат бу борада расман изоҳ бермаган, хусусан, теракт нишони ким экани маълум қилинмаган. Россиянинг Италиядаги элчихонаси эса бу ҳужумда Украинани айблаб, «Киевдаги террорчилар Россияда ишлаётган италияликларни қўрқитиб қўймоқчи бўлгани» ҳақида баёнот берди.
ОАВга маълум бўлишича, ресторанда бу вақтда РФ ҳаво-космик кучлари бошлиғи, генерал-полковник Александр Чайконинг туғилган куни ўтказилаётганди: 27 июл куни у 55 ёшга тўлганди, меҳмонлардан бири олган видеода ресторан саҳнасида «Александр 55 ёшда» ёзуви ўрнатилганини кўриш мумкин.

Balzi Rossi’даги зиёфат ҳарбий-космик кучлар бошлиғи шарафига уюштирилгани ҳақида ҳукумат таъсиридаги телеграм-каналлар ҳам ёзган. «Медуза» ушбу ҳужум нишони бўлган ва суиқасддан омон қолган генерал ҳақида ҳикоя қилди.
Александр Чайко Россиянинг Украина билан кенг кўламли уруши даврида суиқасд уюштирилган (агар ҳужум нишони чиндан ҳам у бўлса) энг юқори мартабали генераллардан бири бўлди. Чайко Ҳаво-космик кучларига 2026 йил майида бошлиқ этиб тайинланганди, аммо унгача ҳам РФ учун энг муҳим ва сиёсий аҳамиятга эга бўлган йўналишларда раҳбарлик лавозимларини эгаллаган: хусусан, Суриядаги ҳарбий амалиётни бошқарган, 2022 йил феврал-баҳор ойларида эса Россия қўшинларининг Киев областига юришига бошчилик қилган. Уни кўплаб ҳарбий жиноятларда айблашган, у Буюк Британия ва Евроиттифоқнинг санкциялар рўйхатига киритилган – шу билан бир вақтда Россия Қаҳрамони (2020 йилдан) ҳисобланади.
Сурия

РФ президенти матбуот хизмати
Очиқ манбаларга кўра, Александр Юревич Чайко одатий ҳарбий биографияга эга. У 1971 йил 27 июлда Москва области Голицино шаҳрида дунёга келган, 1988 йилда Москвадаги Суворов ҳарбий билим юртини тамомлаган, курсант сифатида хизмат қилган, 1992 йилда Ғарбий қўшинлар гуруҳи таркибида Германияга борган, кейин Россияга қайтган ва Москва ҳарбий округида хизмат қилган, жумладан, 2-Таман дивизия командири бўлган. 2001 йилда Чайко Фрунзе номидаги академияни, 2012 йилда – олий қўмондонлик учун кадрлар тайёрловчи Бош штаб ҳарбий академиясини тамомлаган. 2013 йилда генерал-майор унвонини олган ва 2017 йилга қадар 1-танк армиясини бошқарган (Россия қўшинлари Киев атрофидан чекинганида айнан шу бўлинма ҳужжатлари Украина ҳарбийлари қўлига тушиб қолган ва РФ қуролли кучлари йўқотишлари тўғрисида қимматли манбалардан бирига айланган).
ОАВда Чайко номи икки эпизод билан боғлиқ ҳолда тилга олинган. Биринчиси – Суриядаги хизмат, у бир йилдан ортиқ вақт мобайнида (2019 йил сентябридан 2020 ноябрига қадар ва кейинроқ 2021 йилда яна бир неча ой) РФ қуролли кучларининг ушбу мамлакатдаги гуруҳига раҳбарлик қилган. Чайко бу лавозимда генерал-полковник Андрей Сердюковни алмаштирган (ундан олдинги бошлиқ Сергей Суровикин эди).
2020 йил Human Rights Watch ҳуқуқ ташкилоти россиялик ҳарбийлар, жумладан, Чайконинг Суриядаги ҳаракатлари батафсил таҳлил қилинган ҳисоботни эълон қилади. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Россия гуруҳига Суровикин, Сердюков ва Чайко раҳбарлик қилган давр мобайнида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан камида 1600 киши ҳалок бўлган – асосан Идлиб шаҳри атрофи ва шу номли туман ҳудудида. Жумладан, гап Чайко қўмондонлиги даврида Россия қўшинлари томонидан касалхоналарга берилган зарбалар билан боғлиқ эпизодлар ҳақида бормоқда.
Human Rights Watch ташкилоти душман томон ҳарбийлари ёки ҳарбий техникаси қайд этилмаган объектларга жами 46 та зарбани ҳужжатлаштирган. Ташкилотдагилар фикрича, бундай катта рақам фуқаролик объектларига бу каби ҳужумлар тасодифий хато бўлганини истисно қилади. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари фаоллари операцияларни Чайко буйруқлари билан тўғридан тўғри боғловчи муайян тафсилотларни топа олмаган.
Мактаблар ва шифохоналарга ноқонуний ҳужумлар бўйича айбловлар БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишларида ва Инсон ҳуқуқлари кенгашининг иккита сессиясида кўтарилган. Россияда шифохоналарнинг координаталари бор эди (БМТнинг тўқнашувларнинг олдини олиш механизми орқали олинган), шунга қарамай, бу объектларга зарба берилди. Бундан ташқари, 2020 йил январ ойида Чайко Путин ва Шойгуга операцияларнинг бориши ҳақида шахсан ҳисобот берган – бундай шароитда у ўз қўшинларининг ҳаракатларидан бехабар бўлган ва тинч объектларга кўплаб ҳужумлар учун жавобгар эмас деб тахмин қилиш қийин. Шунга қарамай, Суриядаги хизмат якунларига кўра, Чайко суд жараёни иштирокчиси эмас, балки Россия Қаҳрамони бўлади – 2020 йилда Владимир Путин уни шу унвон билан тақдирлайди.
2022 йил июнида Буюк Британия Александр Чайкони Башар Асад режимига ёрдам кўрсатганлиги учун санкция остида бўлган шахслар рўйхатига киритади – аммо у айнан қандай жиноятларда айбланишига аниқлик киритилмаган.
Украина

РФ мудофаа вазирлиги / ТАСС / Profimedia
Чайконинг 2022 йил феврал-март ойларида Киевга ҳужум қилган қўшинлар гуруҳи қўмондони сифатидаги фаолияти ҳақида маълумот кўпроқ. Буча ва Киев шимоли-ғарбидаги бошқа жойларда тинч аҳолига қарши кўплаб ҳарбий жиноятлар, жумладан, судсиз қотилликлар ва қийноқлар айнан Чайко қўмондонлиги остидаги рус ҳарбийлари томонидан содир этилган. Қотилликлар айнан ушбу аҳоли пунктлари Россия қўшинлари томонидан эгаллаб турилган даврда содир этилгани кўплаб мустақил текширувлар орқали исботланган (кейинчалик саҳналаштирилмаган).
Ўша пайтда оккупация қилинган ҳудудда Александр Чайко қўмондонлиги остида содир бўлган воқеаларда унинг иштироки қанчалик муҳим экани аниқ эмас. Украинадаги прокурорлар Чайко муайян жиноятлар учун буйруқ бергани ҳақида далилларга эга эмаслигини, аммо бу жиноятлар унинг бошқаруви остида рўй бергани аниқ эканини таъкидлайди. Очиқ манбалардан қуйидагилар маълум:
- 2022 йил мартида, Россия қўшинлари Киев атрофидан чекинишидан олдинроқ, Чайко Киевга шимоли-ғарбдан ҳужум қилаётган кучлар учун қўмондонлик маркази жойлашган Здвижевка қишлоғига келганди. У ерда Чайко Киев операциясида қатнашган россиялик ҳарбийларни мукофотлайди. «Барча бўлинмалар, барча дивизиялар ўргатилганидек ҳаракатланмоқда», – дейди у 24 мартдаги видеода. «Улар барчасини тўғри қилишмоқда. Улар билан фахрланаман».
- Киевга юриш амалиёти даврида Чайко кўп вақтини Здвижевкада ўтказган, бу эса у «ерда нималар бўлаётганидан хабардор бўлгани»ни кўрсатади. 2022 йил ёзида, Associated Press журналистлари Россия қўшинларининг Киев остонасидаги жиноятлари юзасидан катта суриштирув тайёрлашганида, маҳаллий аҳоли вакиллари генерални фотосуратидан танишган.
- AP журналистлари аниқлашича, камида уч киши (Николай Мороз, Андрей Возненко ва Михаил Гончар) Здвижевкадаги россиялик ҳарбийлар тез-тез ташриф буюрадиган уй ҳудудида судсиз қатл этилган.
- Россия қўшинларининг ҳужум режалари нусхаларини ўрганган Лондондаги RUSI таҳлилий маркази Киев яқинидаги ҳужум пайтида «миллий қаршилик»ни блоклаш ва яксон этиш буйруғи ижрочилар эмас, балки раҳбарият даражасида берилганини таъкидлайди. Аскарлар Россия разведкаси томонидан тузилган рўйхатлардан фойдаланган ҳолда, таҳдид солиши мумкин бўлган барча шахсларни аниқлаш ва зарарсизлантириш учун кварталларни кўздан кечириб, тозалаш операцияларини ўтказган. RUSI катта илмий ходими Жек Уотлингнинг сўзларига кўра, бундай буйруқлар Чайко даражасида эди, шунинг учун у уларни кўрган ва имзолаган бўлиши керак.
- 2025 йилда Украина хавфсизлик хизмати илгари номаълум бўлган аудиоёзувни эълон қилди, унда Александр Чайко 2022 йил март ойида Киев ғарбидаги аҳоли пунктлари: Малин шаҳри ва Тетеревское қишлоғига зарба беришга буйруқ бергани айтилади. Хусусан, у штурмчи авиацияга «соат 5:30 да Тетеревское аҳоли пунктига учиш ва уни ер юзидан йўқ қилиш» кераклигини айтади. Зарбада авиациядан ташқари реактив артиллериядан, яъни кенг ҳудуд бўйлаб зарба бериш учун мўлжалланган «Град», «Ураган» ва шунга ўхшаш қурилмалардан фойдаланиш кўзда тутилган эди.
Ҳозирча Украина расмийлари Баррикададаги портлаш ва унга ўзининг алоқадорлиги юзасидан ҳеч қандай баёнот бермади. Володимир Зеленский ҳар кунги кечки видеомурожаатида фақат Саратовдаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Wildberries’нинг Самара областидаги омборига зарба ҳақида гапирган, Москвадаги портлашни эса тилга олмаган.












