Марказий банк хабарига кўра, ички валюта бозорини янада ривожлантириш ва банклар учун валюта операцияларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш доирасида 2026 йил 10 августдан бошлаб валюта биржасидаги савдолар соат 17:00 га қадар давом этади. Ҳозирда савдолар 15:00 га қадар амалга оширилади.

Регуляторнинг таъкидлашича, савдо сессиясининг узайтирилиши банкларга кун давомида валюта ликвидлигини янада самарали бошқариш, мижозларнинг тўловларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда хорижий валютадаги тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.

“Валюта биржасидаги савдолар якунлари асосида 74 та хорижий валютанинг сўмга нисбатан расмий курслари ҳар бир банк иш куни соат 17:30 да Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади”, - дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, расмий валюта курсларидан бухгалтерия ҳисоби, статистика ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда амалдаги тартибда фойдаланилади. Расмий курслар Марказий банк веб-сайтининг “Валюталар курслари архиви” бўлимида жойлаштириб борилади.

Аввалроқ тадбиркорлар учун валюта операцияларида енгиллик жорий этилгани хабар қилинганди. Валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига 16 июлда киритилган ўзгартиришга кўра, тадбиркорлик субъектлари эндиликда ички валюта бозоридан сотиб олинган валюта маблағларидан фойдаланиш мақсадини қайта сотиб олиш амалиётисиз ўзгартириши мумкин.