АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ ва Исроил Эронга қарши янги ҳарбий зарбаларни вақтинча амалга оширмаслигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлашга тўлиқ тайёр бўлган. Бироқ Эрон ҳамда Яқин Шарқнинг бошқа давлатлари Вашингтондан ҳужумни амалга оширмасликни сўраган. Трампнинг таъкидлашича, бунга Эрон билан эҳтимолий келишувнинг асосий параметрлари бўйича келишувга эришилгани сабаб бўлган.
АҚШ президентининг қайд этишича, эҳтимолий келишув икки асосий талабни ўз ичига олади. Улар — Ҳўрмуз бўғозини зудлик билан тўлиқ очиш ҳамда Эроннинг ядровий дастуридан келиб чиқадиган таҳдидни бартараф этишдир.
«Ушбу мурожаатни инобатга олиб ва бутун дунё келажаги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, барқарор ва фаровон Эронни кўриш истагида мен ҳужумни бекор қилишга рози бўлдим. Бироқ бу келишув тез орада имзоланиши шарти билан амалга ошади. Исроил ҳам ушбу ёндашувни қўллаб-қувватламоқда», — деб ёзди Трамп.
Шу билан бирга, The Wall Street Journal нашри манбаларга таяниб хабар беришича, Трамп аввалроқ Эронни ён беришга мажбурлаш мақсадида янги ҳарбий зарбалар сериясига рухсат берган. Бироқ дипломатик музокараларда ижобий силжиш кузатилса, АҚШ президенти ушбу қарорни қайта кўриб чиқиши ва музокараларга қайтиши мумкин.
CBS News телеканали маълумотига кўра, АҚШ ва Исроил Эроннинг энергетика инфратузилмасига қарши биргаликда ҳужум уюштиришни режалаштирган. Режага мувофиқ, асосий нишонлар сифатида нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда электр станциялари белгиланган бўлиб, ҳарбий операция бутун дам олиш кунлари давом этиши мумкин эди.












