Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига оид янги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Палата хабарига кўра, қонун лойиҳаси йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шунингдек, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси билан, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш натижасида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда транспорт воситасини топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш, белгиланган тезликни 80 километр/соатдан ортиқ миқдорда ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, маъмурий жазонинг янги тури – автомототранспорт воситасини 6 ойдан 1 йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш чорасини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур жазо йўл безорилиги, ноқонуний пойга ташкил этиш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш каби қилмишлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилганда қўлланилиши белгиланмоқда. Ушбу жазо чораси қонунда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар суди томонидан қўлланилади.
Қонун лойиҳасида айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда жаримани чегирма билан тўлаш тартибини муайян муддат давомида қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.

Шунингдек, транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чоралари такомиллаштирилади.
Депутатлар қонун лойиҳасининг асосий мақсади жазоларни кучайтириш эмас, аввало, хавфли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва йўлларда инсон ҳаёти устуворлигини таъминлашга қаратилганини таъкидлади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.











