Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида вояга етмаган қизга бузуқ ҳаракатлар содир қилишда гумонланган эркак қамоққа олинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум қилинишича, Болалар омбудсмани котибиятига Ўртачирчиқ туманида яшовчи О.С.дан мурожаат келиб тушган. У мурожаатида ушбу туманда яшовчи М.А. томонидан вояга етмаган фарзанди Қ.М.га нисбатан уятсиз ҳаракатлар содир қилинганини билдирган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилган. Прокурор назорати доирасида жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида аввалроқ қабул қилинган қарор бекор қилиниб, ҳолат юзасидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Натижада, М.А.га Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 3-қисми билан айблов эълон қилинган. Эркакка нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.