«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълум қилишича, йўл-транспорт ҳодисаси 2 август куни соат 08:10 атрофида Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳкўчасида, «Юлдуз» бекати ҳудудида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 17-йўналишда ҳаракатланаётган 2-автобус саройига қарашли «Ютонг» газ русумли автобус ҳайдовчиси эҳтиётсизлиги оқибатида бекатда тўхтаб турган, 85-йўналишда ҳаракатланаётган 18-автобус саройига тегишли «Ютонг» электробусининг орқа қисмига келиб урилган.
Ҳодиса оқибатида 17-йўналиш автобусидаги бир нафар йўловчи тан жароҳати олган. Автобус ҳайдовчиси жабрланувчини тез тиббий ёрдам автомобили орқали Тошкент давлат тиббиёт университети стоматология клиникасига олиб борган. У ерда зарур тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйига жавоб берилган.
ЙТҲ натижасида техник шикастланган ҳар икки автобусни қайта йўналишга чиқариш учун таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳодиса Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган.











