Дмитрий Лубинец мазкур маълумотни 4 август куни Украинанинг хориждаги дипломатик муассасалари раҳбарларининг йиллик йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди.

«Бугун 8,4 миллиондан ортиқ фуқаромиз Украина ташқарисида. Бизнинг бурчимиз — уларнинг ҳар бири Украина уларни унутмаганини ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёр эканини билишини таъминлаш», — деб ёзди омбудсман ўзининг Telegram саҳифасида.

Лубинец бу рақамни тўғридан тўғри Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғламаган бўлса-да, унинг баёнотлари уруш оқибатлари муҳокама қилинган йиғилиш доирасида янгради.

Омбудсманнинг сўзларига кўра, ҳозир ҳам минглаб Украина фуқаролари Россия асирлигида сақланмоқда. Шунингдек, 20 мингдан ортиқ украиналик бола ноқонуний равишда Россия ҳудудига олиб кетилган.

У жорий йилнинг июн ойида ҳам 2014 йилдан буён, яъни Россия Қримни қўшиб олиб, Украина ҳудудларининг бир қисмини босиб олган даврдан бошлаб, мамлакатдан тахминан 8,5 миллион киши чиқиб кетганини маълум қилган эди.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилдан буён Украинадан 5,7 миллион киши уруш туфайли бошқа давлатларга бошпана излаб чиққан.

Шу билан бирга, Eurostat маълумотларига кўра, 2026 йил июл ҳолатида Европа Иттифоқида 4,38 миллион украиналик вақтинчалик ҳимоя мақоми билан яшамоқда. Улардан энг кўпи Германияда — 1,283 миллион нафар, Полшада — 967,5 минг нафар ва Испанияда — 267,4 минг нафарни ташкил этади.

Украина ҳукумати уруш бошланганидан буён мамлакат аҳолиси сони бўйича мунтазам расмий ҳисоботларни эълон қилмаяпти. Давлат статистика хизмати раҳбари Арсен Макарчукнинг таъкидлашича, аҳоли сонини аниқ ҳисоблаш уруш тугаганидан кейин камида 1,5–2 йил ўтгачгина мумкин бўлади.

Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишидан олдин, Қрим ва ўша вақтда босиб олинган Донецк ҳамда Луҳанск ҳудудларини ҳисобга олмаган ҳолда, Украина аҳолиси 41 миллиондан ортиқ эди.

Украина Миллий фанлар академияси эса 2026 йил 22 июлда эълон қилган баҳолаш натижаларига кўра, ҳозирда Киев назоратидаги ҳудудларда тахминан 27–28 миллион киши яшамоқда. Бу ҳақда Демография ва ҳаёт сифати тадқиқотлари институти директорининг ўринбосари Александр Гладун маълум қилган.