6 август куни Олий Мажлис Сенатида «Барқарор ривожланиш мақсадлари: миллий тараққиётнинг янги босқичи» мавзусида конференция ўтказилиб, Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигига расман старт берилди.
Тадбирда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Парламентлараро иттифоқ котибияти раҳбарияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияни Олий Мажлис Сенати раиси, Барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева очиб берди.

Сенат раиси ўз нутқида Барқарор ривожланиш мақсадлари Ўзбекистон учун шунчаки халқаро мажбурият эмас, балки аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик ва келажак авлодлар учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган миллий тараққиёт дастурининг муҳим қисмига айланганини қайд этди. Шунингдек, Президент ташаббуси билан барқарор ривожланиш мақсадлари «Ўзбекистон – 2030» стратегияси билан тўлиқ уйғунлаштирилгани, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида республика бўйлаб юзлаб тадбирлар ташкил этилади. Хусусан, парламент эшитувлари, маҳаллий Кенгашлар сессиялари, илмий-амалий конференциялар, форумлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ва маҳаллаларда учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда махсус медиа-лойиҳалар амалга оширилади.

Таъкидланишича, ойликдан кўзланган асосий мақсад аҳолининг Барқарор ривожланиш мақсадларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш ва умумий мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат.
Конференцияда сўзга чиққан миллий ва хорижий экспертлар Ўзбекистон 16 та миллий Барқарор ривожланиш мақсади ва 126 та вазифани қабул қилгани, уларнинг барчаси «Ўзбекистон – 2030» стратегияси устувор йўналишлари билан уйғунлаштирилганини қайд этди.
Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларининг 70 фоиздан ортиғи бўйича ижобий силжишларга эришилган, 45 фоизи бўйича эса белгиланган мақсадлар тўлиқ бажарилган.

Хусусан, камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йил якунига келиб 5,8 фоизгача камайган. Мактабгача таълим билан қамров 27,7 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров эса 8,3 фоиздан 47,7 фоизга етган. Шунингдек, давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши 35 фоизга етган бўлса, Қонунчилик палатасида бу кўрсаткич 38 фоизни, маҳаллий Кенгашларда эса 32,5 фоизни ташкил этмоқда.
Тадбирда қайд этилишича, олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон 2026 йилги Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 167 давлат орасида 65-ўринни эгаллаган.











