Аҳолига электромобил сотиб олиш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қарор лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваридан ошмаган электромобилларни бирламчи бозордан сотиб олиш учун жисмоний шахсларга 300 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда тижорат банклари томонидан ажратилган автокредитлар бўйича фоиз харажатларининг дастлабки 2 (икки) йили давомида кредит фоиз ставкасининг 16 фоиздан ошадиган, бироқ 8 фоиз банддан юқори бўлмаган қисми учун компенсация тўланади.

Тижорат банклари томонидан ажратилган автокредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация маблағлари ажратилади.

Компенсация тўлаш билан боғлиқ харажатлар 2026 йил учун республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан, кейинги йилларда давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Компенсация кредитга лаёқатли деб топилган ҳамда кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган жисмоний шахсларга ажратилади.

Жисмоний шахс автокредит олиш учун зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда банкка ариза билан мурожаат қилганда, аризада компенсация олиш истагини алоҳида кўрсатади.

Банк жисмоний шахснинг кредит ва компенсация ажратиш шартларига мувофиқлигини ўрганиб, натижаси юзасидан автокредит ажратиш ёки автокредит ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банк ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган автокредит шартномасида компенсация ажратилиши назарда тутилиши ҳамда унинг миқдори кўрсатилиши лозим бўлади.

Қуйидаги ҳолларда кредитлар бўйича компенсация ажратиш тўхтатилади:

қарз олувчи тўловлар жадвалига мувофиқ банкка тўловларни тўлаш мажбуриятларини 3 (уч) ой ичида кетма-кет бажармаганида;

кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизлар муддатидан олдин тўлиқ ундирилганида ёки тўланганида;

банк ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси бекор қилинганида ёки ҳақиқий эмас деб топилганида;

қарз олувчининг тақдим этган ҳужжатларида ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланганда.