АҚШ Сенати Россия ва Эронга нисбатан Америка санкцияларини кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар берди Reuters.
Ҳужжат Сенат томонидан тасдиқлангач, Вакиллар палатасига юборилади.
Сенаторлар марҳум Линдси Грэм номи билан аталувчи лойиҳани 68 овоз билан қўллаб-қувватладилар. Лойиҳага 9 нафар сенатор қарши чиқди. Грэмнинг ўзи бу ҳужжатни «дўзахий санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳаси» деб атаганди.
Мазкур қонун лойиҳаси АҚШ президентига Россия нефти ёки газининг энг йирик харидорлари бўлган бешта давлатдан импорт қилинадиган товарларга манзилли божлар жорий этиш имконини беради. Қонун лойиҳаси, шунингдек, Эроннинг энергетика ва қурол-яроғ секторларини молиялаштиришни чекловчи санкциявий ваколатларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйишнинг олдини олишга қаратилган бандни ҳам ўз ичига олади.
«Россия ва Эронга қарши санкциялар жорий этиш тўғрисидаги Линдси Грэм номли 2026 йилги қонун» деб номланган ҳужжатнинг янги версиясига кўра, учинчи давлатларга нисбатан бож 100 фоизгача бўлиши мумкин. Июл охиридаги процедуравий овоз бериш вақтида Хитой, Ҳиндистон, Словакия, Венгрия ва Озарбайжон Россия нефтининг ҳамда Хитой, Франция, Япония, Венгрия ва Белгия Россия газининг энг йирик харидорлари қаторига киритилганди. Санкциялар ҳаммуаллифи, сенатор Ричард Блюментал асосий нишонлар сифатида Хитой ва Ҳиндистонни кўрсатган.
Тарифлардан ташқари, қонун лойиҳаси Россиянинг жисмоний ва юридик шахсларига қарши санкцияларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлайди.
Президент Конгрессни хабардор қилган ҳолда миллий хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқиб санкциялар амал қилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқини сақлаб қолади. Уларни тўлиқ бекор қилиш фақат тинчлик келишуви имзоланганидан ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатлар тўхтатилганидан кейингина мумкин бўлади.











