Германиянинг Die Zeit газетаси суриштирувига кўра, Россия махсус хизматлари Баварияда жойлашган Donaustahl мудофаа стартапи раҳбари Штефан Туманнга қарши суиқасд уюштиришни режалаштирган бўлиши мумкин. Мазкур компания Украинага разведка дронлари ва камикадзе туридаги учувчисиз учиш аппаратларини етказиб беради.

Нашр маълумотига кўра, Германия махсус хизматлари Туманнга нисбатан хавф юқори экани ҳақидаги сигнални 2025 йил декабр ойида хорижий разведка идораларидан бири орқали олган.

Кейинчалик Бавария полицияси Сергей Н. исмли шахсни Туманннинг Штрасскирхендаги уйи атрофида видеотасвирга олаётган вақтда ушлаган. Унинг телефонлари мусодара қилинган бўлса-да, полиция маълумотларни ўз вақтида таҳлил қила олмагани сабабли гумонланувчи озод қилинган.

Орадан вақт ўтиб, Сергей Н. Россия махсус хизмати билан алоқада бўлгани ва Туманннинг отасини ҳам кузатгани маълум бўлган. Бу вақтга келиб у оиласи билан Испанияга кетган, кузатувни эса Германиянинг Шимолий Рейн–Вестфалия федерал ерида яшаган Руминия фуқароси Алла С. давом эттирган.

2026 йил март ойида Сергей Н. ва Алла С. Россия фойдасига жосуслик қилганлик гумони билан қўлга олинган. Бироқ, Die Zeit таъкидлашича, уларга нисбатан чиқарилган ҳибс ордерига суиқасд тайёрлаш айблови киритилмаган. Терговчилар уларни интернет орқали пул эвазига ёлланган, диверсия ва жосуслик ишларига жалб қилинадиган «бир марталик агентлар» деб ҳисобламоқда. Нашрга кўра, эҳтимолий суиқасдни бошқа шахслар амалга ошириши режалаштирилган бўлиши мумкин.

Ҳозирда Штефан Туманн кучайтирилган давлат қўриқлови остида. У хавфсизлик нуқтаи назаридан қаерда эканини ошкор қилмайди ва оммавий тадбирларда иштирок этмайди.

Die Zeit яна бир Германия мудофаа компанияси ҳам Россия махсус хизматлари эътиборида бўлиши мумкинлигини ёзади. Нашр эслашича, июн ойи бошида Сербия–Венгрия чегарасида портловчи моддалар учун махфий жойлар тайёрланган юк машинаси тўхтатилган. Ҳайдовчилар телефонларидан Россия махсус хизмати вакиллари билан алоқалар аниқланган. Нашрнинг ёзишича, юк машинаси йўналиши Бавария бўлган. Бу ҳудудда Donaustahl билан бир қаторда Quantum Systems ва Helsing каби мудофаа стартаплари ҳам фаолият юритади.

Газета, шунингдек, 2024 йил июл ойида CNN АҚШ ва Германия махсус хизматлари Rheinmetall концерни раҳбари Армин Паппергерга қарши режалаштирилган суиқасднинг олди олингани ҳақида хабар берганини эслатади. Ўшанда манбалар Кремл Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётган Европа мудофаа саноати раҳбарларига қарши бир қатор суиқасдлар тайёрлаганини билдирган эди.