Ўзбекистонда темирйўл орқали ички қатновларда юк ташишга буюртма бериш хизмати рақамли шаклга ўтказилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 августда қабул қилинган 433-сон қарори билан тасдиқланган “Темирйўл орқали ички қатновларда юк ташиш учун буюртмаларни қабул қилиш” давлат хизмати бўйича маъмурий регламентда белгиланган.

Янги тартибга мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлар ва бошқа мурожаатчилар юк ташиш учун буюртмаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда расмийлаштириши мумкин бўлади.

Қарорнинг асосий мақсади давлат хизматини соддалаштириш, унинг шаффофлиги ва тезкорлигини ошириш ҳамда темирйўлда юк ташиш жараёнини рақамлаштиришдан иборат. Янги регламент хизмат кўрсатиш тартиби, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш механизмларини белгилайди.