Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида Бровари туманида учта нуқтада вайронгарчилик қайд этилган. Ҳалок бўлганлар орасида бир нафар бола ҳам бор. Шунингдек, яна уч киши жароҳатланган бўлиб, уларнинг бири вояга етмаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужуми вақтида учиб тушган парчалар хусусий турар жой, хўжалик бинолари ва автомашиналарга зарар етказган. Шунингдек, нотурар бино ҳудудида ёнғин келиб чиққан. Ҳозирча парчалар баллистик ракетага ёки зарба берувчи дронга тегишли эканига аниқлик киритилмаган.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти ҳам ҳужум вақтида пойтахтда ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинганини маълум қилди. Маҳаллий вақт билан тунги соат учлар атрофида баллистик ракета таҳдиди ҳақида огоҳлантириш берилган.
Кейинчалик шаҳар маъмурияти Россиянинг тунги ҳужуми оқибатида Киевнинг ўзида ҳам тўрт киши жароҳатланганини билдирди. Айни пайтда фавқулодда хизматлар ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.
Украина ОАВ хабар беришича, тун давомида Киевда икки марта кучли портлашлар эшитилган. Украина Ҳаво кучлари Россия шимолий йўналишдан баллистик қурол қўллаши мумкинлиги ҳақида аҳолини огоҳлантирган. Бундан аввал эса Киев ва унинг атрофида зарба берувчи дронлар хавфи туфайли ҳам ҳаво ҳужуми сигнали эълон қилинган эди.
Киев шаҳар ҳокими Виталий Кличконинг маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, Голосеев туманида нотурар бинолар ҳудудида ёнғин юз берган. Оболон туманида эса ёнилғи сақланадиган резервуарлар ёнгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойларига қутқарув ва тезкор хизматлар жалб этилган, зарар кўламига аниқлик киритилмоқда.











