Сурхондарёда хизмат вазифасини бажараётган ИИО ходимларига тан жароҳати етказган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 9 август куни Ангор туманида 39 ёшли фуқаро Т.У. Damas машинасини бошқариб келиб, хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимларини кўргач, ҳаракат йўналишини ўзгартирган ҳамда шубҳали ҳаракат содир этган. ЙПХ ходимлари автомашинани изидан кузатиб борган. Ҳайдовчи Илғор маҳалласидаги яшаш уйининг яқинида машинадан тушиб, қочишга ҳаракат қилган. Шунда ходимлар уни тўхтатиб, оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келиб тургани сабабли тиббий кўрикка олиб бормоқчи бўлган.

Ҳодиса жойига ҳайдовчининг турмуш ўртоғи Н.Н., укалари Т.О. ва Т.З. ҳамда қўшниси М.М. етиб келган. Улар хизмат вазифасини бажараётган ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, икки нафар ЙПХ ходимга тан жароҳати етказган.

ЙПХ ходимларининг хабарига кўра, воқеа жойига Ангор тумани прокуратураси ва ИИБ тезкор-тергов гуруҳи вакиллари етиб борган.

Воқеа ўрганилиб, фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан ЙПХ ходимларининг ҳам ҳаракати юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани, якуни бўйича тўлиқ маълумот берилиши билдирилган.