24 августга ўтар кечаси Краснодар шаҳри учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида Ozon компаниясининг логистика марказида катта ёнғин келиб чиқди.

Ozon маълумотига кўра, омбордаги барча ходимлар эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларда логистика марказининг ўзида жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда, омбор фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.

Компания ёнғин туфайли ушбу марказда сақланаётган товарларга онлайн буюртма бериш вақтинча имконсиз бўлишини маълум қилди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан сотувчилардан янги товарларни қабул қилиш ҳам тўхтатилган.

Шунингдек, мазкур омборга йўналтирилган логистика маршрутлари бекор қилиниб, юкларни қайта тақсимлаш учун компаниянинг бошқа объектларидан фойдаланилиши айтилди.

Икки бола ҳалок бўлган

Краснодар раҳбари Евгений Наумовнинг маълум қилишича, дронлар ҳужумини қайтариш вақтида учувчисиз аппаратлар парчалари Прикубанский округидаги бир нечта манзилга тушган.

Наумовга кўра, ҳодиса оқибатида икки бола ҳалок бўлган, яна тўққиз киши — икки нафар катта ёшли шахс ва етти нафар бола жароҳатланган. Улар тиббиёт муассасаларига ётқизилган.

Маҳаллий амалдорнинг версиясига кўра, дрон парчалари хусусий болалар марказига ҳам тушган.

Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев эса учувчисиз аппаратлар парчалари турар жой бинолари ва қурилаётган кўп қаватли уйларга тушганини маълум қилди.

Невинномисскда ҳам Ozon омбори ёнган

Шу кеча Ставрополь ўлкасининг Невинномисск шаҳрида жойлашган Ozonʼнинг яна бир йирик логистика марказида ҳам ёнғин юз бергани хабар қилинди.

ASTRA нашрининг очиқ манбалар асосидаги таҳлилига кўра, ҳужумга учраган объектнинг майдони 93,5 минг квадрат метрдан ортиқ. Марказ озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни сақлаш ва саралаш, буюртмаларни жамлаш ҳамда харидорларга жўнатиш учун мўлжалланган.

Ставропол ўлкаси губернатори Владимир Владимиров ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Невинномисск саноат ҳудуди томон йўналтирилган дронлар ҳужумини қайтаришга ҳаракат қилганини билдирди.