Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон бир давлатга қилинган қуролли ҳужумни учаласига қарши тажовуз деб баҳолаш тўғрисида битим имзолади. Бу эса Яқин Шарқда янги ҳарбий алянсни вужудга келтирди. Алянснинг амалий мақсади борасида таҳлилчилар якдил фикрда эмас, аммо келишув учта давлат: АҚШ, Исроил ва Эронга қаратилган сигнал экани ҳақида консенсус мавжуд.

Мавзу муҳокамаси – Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос: Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида имзоланган келишув уч давлатнинг мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади. Унинг асосий мазмуни шундан иборатки, уч давлатдан бирига қарши қуролли ҳужум бошқа икки давлатга ҳам қарши тажовуз сифатида баҳоланади. Шу жиҳатдан келишувни айрим Ғарб ОАВлари ва халқаро таҳлилчилар “мусулмон НАТОси” деб атай бошлади. Ҳозирча келишув уч давлат билан чекланган. Бироқ келгусида бошқа мамлакатларнинг ҳам унга қўшилиши эҳтимоли мавжуд. Хусусан, Миср номи тилга олинмоқда. Уч давлат вакиллари ҳам келажакда янги иштирокчилар учун эшиклар очиқлигини билдирган.

Бу пакт кимга қарши қаратилган, деган саволга келадиган бўлсак, уч давлатнинг муносабати турлича бўлган давлатлар мавжуд. Улар орасида рақиб, стратегик душман ва минтақадаги мураккаб муносабатларга эга йирик давлатлар бор.

Пакт имзоланганидан сўнг Эрон парламентининг хавфсизлик қўмитаси раҳбари Саудия Арабистонига мурожаат қилиб, ушбу келишув унинг хавфсизлигини таъминлай олмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, Саудия аввал АҚШ билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилган бўлса-да, бу муносабатлар мамлакатни барча таҳдидлардан ҳимоя қила олмади. Шу сабабли янги пакт ҳам, агар Ар-Риёд ўзининг геосиёсий ёндашувини ўзгартирмаса, кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағовий бу масалада анча юмшоқ позицияни билдирди. У уч давлат ўртасидаги келишув Эрон учун таҳдид эмаслигини айтди. Бағоий Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон билан Эроннинг диний ўзлиги, тарихий хотираси ва цивилизацион алоқалари мустаҳкам эканини таъкидлади. Демак, Теҳроннинг расмий позициясида ушбу пакт Эронга қарши қаратилмагани кўрсатилмоқда.

Туркия, Саудия ва Покистоннинг сўнгги йиллардаги сиёсатини таҳлил қиладиган бўлсак, улар ўртасидаги ҳарбий келишув кимга қаратилган деган саволга жавоб топиш мумкин. Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннет аввалроқ “Эрондан кейинги навбат Туркияга бўлади”, деган фикрни билдирган эди. Бугунги кунда Исроил ОАВларида ҳам Туркия тобора кўпроқ минтақадаги асосий рақиблардан бири сифатида тасвирланмоқда. Покистон эса ўзининг расмий баёнотларида Исроилни мусулмон дунёси учун асосий таҳдидлардан бири сифатида кўрсатиб келмоқда.