Москванинг Басманний туман суди АҚШ 35-президенти Жон Кеннедининг жиян-невараси, америкалик Конор Кеннедини сиртдан ҳибсга олди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Айни пайтда Кеннеди халқаро қидирувга берилган. Адвокатлар ҳибсга олиш қарорини бекор этишга ҳаракат қилди, аммо Москва шаҳар суди уларнинг шикоятини рад этиб, қарорни ўз кучида қолдирди. Апелляция бўйича суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилди.
У ёлланма аскарликда айбланмоқда, бу жиноят учун етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Аввалроқ машҳур сиёсий сулола вакилининг ўзи 2022 йилда Харков вилоятида «Халқаро легион» сафида Украина Қуролли Кучлари томонида яширинча жанг қилганини тан олган эди.
Жон Фицжералд Кеннеди (1917–1963) — америкалик давлат арбоби, АҚШ 35-президенти (1961–1963). Демократик партия вакили. Совуқ уруш давридаги асосий раҳбарлардан бири; у Кариб денгизи инқирозини бошдан кечирган. 1963 йил 22 ноябрда Далласда ўлдирилган.











