Сочи расмийлари шаҳар аҳолиси ва сайёҳларни ёнилғи танқислиги фонида шахсий автомобилларда ҳаракатланишдан воз кечишга чақирди. Бундай чора-тадбирлар «ёқилғи қуйиш шохобчаларига юкламани камайтириш ва одатий иш режимига қайтишни тезлаштириш» имконини беради, дейилади шаҳар маъмурияти баёнотида.
Ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар пайдо бўлган тақдирда, ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Бу чақириқ шаҳар маъмуриятида ёнилғи билан боғлиқ вазият бўйича ўтказилган йиғилишдан сўнг янгради. Расмийлар «логистикадаги бузилишлар туфайли» йирик ёнилғи қуйиш шохобчалари операторлари ёқилғи беришда лимитлар жорий этганини эълон қилди. Баъзи ёнилғи қуйиш шохобчаларида «юзага келган ажиотаж туфайли» жисмоний шахсларга бензин сотишга чекловлар жорий этилган.
Sochi1.ru нашри ёзишича, шаҳарда учинчи кундирки ёнилғи билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, заправкалар атрофида навбатлар 12 соатгача чўзилмоқда, натижада йўлларда тирбандликлар юзага келмоқда. Айрим сайёҳлар бензин йўқлиги туфайли уйига кета олмаяпти.
Россияда Украинанинг нефт корхоналарига зарбалари туфайли ёнилғи инқирози кучайган. 8 август куни украин дронлари Краснодар ўлкасидаги Илский нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилганди.
Ёнилғи инқирози чуқурлашиши июн ойи ва июлнинг биринчи ярмига тўғри келганди. Бу даврда Россия регионларида бензин сотувига турли чекловлар жорий этилди, одамлар ёнилғи қуйиш шохобчаларида соатлаб навбатда туришга мажбур бўлди. Шундан кейин Украина ҳарбийлари эътиборини нефтни қайта ишлаш заводларидан Wildberries маркетплейси омборларига қаратди, регионларда ёнилғи сотувига қўйилган чекловлар бекор қилиниши бошланди.
Аммо сўнгги кунларда нефтни қайта ишлаш заводлари бўйлаб зарбалар яна фаоллашди. «7×7» нашри баҳолашича, камида 15 та региондаги заправкаларда навбатлар пайдо бўлган ҳамда АИ-92 ва АИ-95 бензини етишмовчилиги юзага келган.








