Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларини Жанубий Кореяга ташкилий тарзда юбориш тизимидаги коррупция бўйича катта текширув кетаётган бир пайтда, Кореянинг ўзида ҳам бу масала жиддий муҳокамаларга сабаб бўляпти.

“2000 долларлик” жарима

Жанубий Корея медиаси жамоатчиликка ошкор қилган ҳужжатларга кўра, E-9 визасига эга ўзбекистонликлар ўз ватанини тарк этишдан аввал Ўзбекистон Миграция агентлиги билан махсус шартнома ва унга илова қилинган кафолат тилхатларини имзолашга мажбур бўлган. Танқидчилар назарига кўра, бу ҳужжатларнинг ҳуқуқий таҳлили уларнинг бир томонлама ва ишчини иқтисодий жиҳатдан қул қилиб қўйишга қаратилганини кўрсатади.

Шартноманинг энг мунозарали банди шундан иборатки, агар мигрант Кореядаги иш берувчи ҳамда Ўзбекистон Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси ёзма розилигисиз ўз иш жойини ўзгартирса, унга ҳар ой 2000 доллар миқдорида жарима солинади. Энг ажабланарлиси, бу жариманинг юқори чегараси белгиланмаган бўлиб, санкция ишчи Ўзбекистонга қайтиб келгунига қадар ҳар ой ҳисобланишда давом этаверади.

Шартномага нисбатан энг катта эътирозлардан яна бири – иш жойини ўзгартиришга ишчининг ўзи сабабчи бўлмаган вазиятларда ҳам жарима қўлланишидир.

Pressian нашрининг қайд этишича, ишчилар ўз хоҳиши билан эмас, масалан, мажбурий бўшатилиши ёки иш етишмагани сабабли компанияни тарк этишга мажбур бўлган ҳолатларда ҳам уларга молиявий жазо юклатилган.

Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, 2024 йилнинг ноябр ойида Миграция агентлигининг расмий саҳифасида эълон қилинган постда ҳам қоидалар қаттиқлашгани келтирилган. Хусусан, иш жойларини асоссиз ва Кореядаги ваколатхона билан келишмаган ҳолда ташлаб кетганлардан 2000 доллар миқдорида жарима ундирилиши қайд этилган. Бу хорижлик иш берувчиларда ўзбекистонлик ишчиларга нисбатан салбий фикр уйғотишга қарши чора сифатида изоҳланган.

Ходимнинг ўлими

2026 йил 18 июл куни Улсан шаҳридаги Hyundai Heavy Industries кемасозлик заводида 26 ёшли ўзбекистонлик йигит Б. фожиали тарзда ҳалок бўлган. У кемани силлиқлаш ишларини бажараётган пайтда ўзи турган кўтарувчи мослама билан ҳавоза орасида қисилиб қолган.

Вафот этган ишчининг ҳамкасблари Pressian нашри мухбирига айтишича, марҳум йигит аввал ҳам бир неча бор жароҳат олган ва шундан кейин кемасозлик заводида ишлашдан қўрқиб қолган. У иш шароити хавфли, маош эса кам бўлгани сабаб бошқа заводга ўтишни доимий равишда хоҳлаб келган. Бироқ катта жарималар сабабли тўсиқларга дуч келган.

20 июл куни Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхона раҳбари Нурматжон Комилов Hyundai Heavy Industries'нинг Улсандаги ётоқхонасига борган. Учрашувда ишчилар ўз норозилигини қатъий тарзда билдиришган. Улар: “Агар у ҳеч бўлмаганда бир марта бошқа заводга ўтиш имконига эга бўлганида, вафот этмаган бўларди”, дея эътироз билдиришган ва адолатсиз келишувни ҳал қилиб беришни талаб қилишган.

Воқеа жойида бўлган Hyundai Heavy Industries ҳузуридаги Ички пудрат бўлими вакили Ким Сонг Ҳуннинг айтишича, 100 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ишчи ўз норозилигини очиқчасига билдирган. Унинг сўзларига кўра, Миграция агентлиги ҳатто субпудратчи томонидан ишдан бўшатилганлардан ҳам жарима тўлашни талаб қиляпти. Унинг фикрича, бу амалда ишчиларга: “Улсандаги Hyundai Heavy Industries’дан ҳеч қачон кетмайсан”, дейиш билан баробар.

А. исмли ишчи ҳам муаммо жиддийлигини таъкидлаган. “Турли ҳолатлар бор: айримларнинг соғлиғи бу ишга тўғри келмаяпти, баъзи компанияларда эса ишнинг ўзи йўқ. Бироқ, бундай сабаблар умуман инобатга олинмаяпти”, деган у.

Тажриба лойиҳаси

Кемасозлик саноатидаги кадрлар инқирозини ҳал қилиш мақсадида, Улсан шаҳри маъмурияти ва Жанубий Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги ҳамкорлигида “Кемасозлик саноати учун мослаштирилган хорижий ишчи кучини тайёрлаш бўйича тажриба лойиҳаси” ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳа доирасида тажриба ўтказиш учун Ўзбекистон билан ташкилий миграция соҳасидаги ҳамкорлик танлаб олинган.

Hyundai Heavy Industries корпорациясининг бевосита ёрдами ва Улсан шаҳри маъмуриятининг 1 миллиард вонлик молиявий кўмаги остида, Фарғона вилоятида “Улсан глобал кадрлар тайёрлаш маркази” ташкил этилган. 2026 йил июн ойига қадар мазкур дастур доирасида қарийб 380 киши ишга олиб келинган.

Pressian 27 июл куни Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси вакили билан телефонда гаплашган. Вакилнинг сўзларига кўра, корхона фаолиятини тўхтатган ҳолатларда, шунингдек, умуртқа диски чурраси каби касалликлар сабаб ишлашни давом эттиришнинг имкони бўлмаган ҳолатларда ва тиббий хулоса тақдим этилса, шартномага имзо чекиб келган мигрантларга ҳам иш жойини ўзгартиришга рухсат берилади. У бундай мазмундаги шартнома нима учун тузилганлиги ҳақидаги саволга жавобан сўнгги йилларда ноқонуний қолиб кетиш билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани ҳамда давлатнинг халқаро имиджини сақлаб қолиш зарурати ҳақида гапирган.

Филиппинлик ишчилар билан боғлиқ ҳолат

Жанубий кореялик адвокат Чо Жеонг Гю маскур вазиятни “мажбурий меҳнат ва одам савдосига тенг”, дея баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, бу – Корея қишлоқ хўжалиги соҳасига Филиппиндан ёлланган ишчилар 2022 йилда дуч келган “қочиб кетишни кафолатловчи депозитлар” тизимига ўхшайди.

2022-2024 йилларда Буео ва бошқа бир нечта Жанубий Корея муниципалитетлари Филиппин маҳаллий ҳукуматлари билан тўғридан тўғри шартномалар тузиб, ишчилар олиб келган. Бироқ, муҳожирларнинг оммавий равишда иш жойини ташлаб, ноқонуний мигрантларга айланиб кетишининг олдини олиш мақсадида муниципалитетлар “чиқиб кетиш кафолати” амалиётини жорий қилади. Бунда ишчилар ойлик маошининг 60 фоизи музлатилиб, махсус ҳисобвараққа ўтказиб борилган ва бу маблағ уларга ватанига қайтаётгандагина берилиши белгиланган. Бошқа ҳолатларда, воситачи брокерлар ишчиларнинг паспортлари ва банк карталарини тортиб олган ҳолда фаолият кўрсатган.

2024 йил октяб ойида Жанубий Корея Инсон ҳуқуқлари миллий комиссияси мазкур амалиёт юзасидан ўзининг якуний хулосасини эълон қилди. Комиссия қарорига кўра, маошни ушлаб қолиш, паспортларни олиб қўйиш ёки қочиб кетмаслик учун катта миқдорда кафолат пули талаб қилиш – “меҳнат эксплуатацияси мақсадидаги одам савдоси” ҳисобланади.

Ўзбекистонлик E-9 ишчиларининг 2000 долларлик жарима тилхатлари ҳам моҳиятан филиппинлик ишчиларнинг “чиқиб кетиш кафолати” билан айнан бир хил механизм эканига урғу бериляпти.

Ҳуқуқ фаоллари катта жарималар солиш орқали ишчини битта компанияга боғлаб қўйишни иқтисодий назорат воситаси, қочиб кетганларнинг Ўзбекистондаги оила аъзоларига босим ўтказилишини эса руҳий назорат воситаси сифатида малакалаган. Таъкидланишича, бу – “одам савдоси қурбонларини аниқлаш мезонлари”га мос келади.

Ишчиларнинг бевосита хизматидан фойдаланаётган Hyundai Heavy Industries корпорацияси можаро юзасидан изоҳ берар экан, жарима тилхатлари ҳақида мутлақо бехабар бўлганини ва бу жараёнда иштирок этмаганини таъкидлаган. Компаниянинг фикрича, бу ҳужжатлар Ўзбекистон ҳукуматининг хориждаги ўз фуқароларини бошқариш бўйича ички сиёсати ҳисобланади ва корпорация бунга аралашиш ҳуқуқига эга эмас.

Жанубий Корея Металлургия ишчилари касаба уюшмаси эса кескин баёнот билан чиқди. Унда таъкидланишича, “Улсан модели”ни ишлаб чиққан ва ундан энг кўп фойда кўраётган Улсан шаҳри ва Hyundai корпорацияси ўзларини четга олиши мутлақо мантиқсиздир. Ишчилар айнан улар яратган тизим орқали келтирилган.

Жанубий Корея ҳукумати аралашуви

Гендер тенглиги вазирлиги ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг босими остида Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги юқоридаги ҳолатга жиддий эътибор қарата бошлади. Вазирликнинг 8 август куни эълон қилинган баёнотида мазкур масала Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси ҳамда Миграция агентлигининг ваколатхонаси билан биргаликда ўрганилаётгани қайд этилган.

Шунингдек, 6 август куни Корея Меҳнат ва бандлик вазирлиги Режалаштириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари ҳамда Ўзбекистон бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари ўртасидаги учрашувда мазкур тартибнинг адолатсизлиги ва уни зудтар такомиллаштириш талаби илгари сурилган.

“Ўзбекистон ҳукуматидан имкон қадар тезроқ расмий ҳужжат юбориб, муаммони бартараф этишни талаб қиламиз. Шунингдек, Ўзбекистон томонининг кўраётган чораларини доимий равишда кузатиб борамиз ва вазиятдан келиб чиқиб, зарур бўлса, қўшимча чоралар кўрамиз”, дейилган Корея меҳнат вазирлиги баёнотида.

Ўз навбатида, Гендер тенглиги вазирлиги ҳам ўзбекистонлик мигрант ишчиларнинг E-9 визаси орқали мамлакатга кириб келишида одам савдоси аломатлари борлигини қайд этган.