Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри жиноят ишлари бўйича судида 21 ёшли аёл Нурай Серикбайнинг ўлдирилиши бўйича шов-шувли иш юзасидан ҳукм ўқилди. Жиноятда 28 ёшли Шерхан Аймахан айбдор деб топилиб, унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аймахан Қозоғистон Жиноят кодексининг бирданига учта моддаси: 125-1-моддаси (“Никоҳга мажбурлаш”), 115-1-моддаси (“Сталкинг”) ва 99-модда 2-қисми 5-банди (“Ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш”) бўйича айбдор деб топилди.
Суд Аймаханни умрбод қамоқ жазосидан ташқари, жабрланувчилар фойдасига маънавий зарар учун 25 млн тенге (тахминан $54 минг) ва моддий зарар учун яна 5 млн тенге (тахминан $11 минг) товон тўлашга ҳукм қилди.
Нурай Серикбай 2026 йил 11 январь куни кечқурун Чимкентдаги уйи ёнида ўлдирилган. Қотилликда гумонланган Шерхан Аймахан икки кун ўтиб, шаҳардан тахминан 10 километр узоқликда қўлга олинди.
ОАВ маълумотларига кўра, эркак аввалроқ Нурайга турмуш қуришни таклиф қилган, бироқ рад жавобини олган. Шундан сўнг у қизни ўғирлаб кетган. Қариндошлари уни уйига қайтариб, полицияга мурожаат қилишган, аммо уларнинг аризаси бўйича жиноят иши қўзғатилмаган. Яқинлари Аймахан Нурайни узоқ вақт таъқиб қилиб юрганини ҳам айтишган.
Тергов маълумотларига кўра, қотиллик содир этилган куни эркак қизга 35 марта пичоқ урган, Нурай ҳодиса жойида жон берган.
Бу қотиллик кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Чимкент полицияси ҳаракатларини текширишни топширди. Шундан сўнг шаҳар полиция департаменти бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди, бир қатор полициячиларга нисбатан эса хизмат вазифасига совуққонлик билан қараганлик факти юзасидан тергов бошланди.
Февраль ойида тергов айбловни «ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш» жиноятига қайта малакалади. 30 апрель куни ўтказилган суд-психиатрия экспертизаси Аймаханни ақли расо деб топди.
Аймаханнинг ўзи айбига иқрор бўлмади. Суд жараёнида у фожиа юз берган куни гўёки Нурай биринчи бўлиб унга пичоқ урганини, шундан сўнг аффект ҳолати туфайли кейинги воқеаларни эслай олмаслигини маълум қилди. Бироқ судья Самиддин Темиралиев бу версия билан судланувчининг дастлабки терговдаги кўрсатмалари ўртасида зиддиятлар мавжудлигига эътибор қаратди.











