“Шармандали маҳалла” ва “Уятли хонадон” ташаббуси ҳокимники экани маълум бўлди. Тошкентдаги энг баланд бинога пиёда 9 дақиқада чиқилди. Давлат ташкилотларида ўзбек тилига риоя этиш назорати кучайтирилади. Қашқадарёда Амир Темур музей-ёдгорлик мажмуаси қурилади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

“Шармандали маҳалла” ва “Уятли хонадон” ташаббуси ҳокимники экани маълум бўлди

Тошкент вилояти Чиноз туманида ободонлаштирилмаган маҳаллаларга “Шармандали маҳалла”, яхши қаралмаган уйларга “Уятли хонадон” баннерининг осилиши ташаббуси туман ҳокими Шерзод Солиҳовга тегишли экани маълум бўлди.

Ҳоким бу борада ўзига ҳеч ким топшириқ бермагани, бу амалиёт ҳеч қайси маҳаллада жорий этилмагани, фақат ижтимоий тармоққа чиқариш учун видеога олинганини айтди.

Солиҳов ўз ташаббусидан мақсад “халқни уйғотиб, ободонлаштиришга чорлаш”дан иборат бўлганини, ҳамма хато қилишини таъкидлаб, айби бўлса, узр сўрашини айтди.

Тошкентдаги энг баланд бинога пиёда 9 дақиқада чиқилди

Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси махсус эксперимент ўтказиб, қутқарувчи Nest One биноси зиналаридан пиёда неча дақиқада энг юқори қаватга кўтарилишини кўрсатди.

Маълум бўлишича, қутқарувчи 51-қаватга кўтарилиш учун 9 дақиқа-ю 3 сония вақт сарфлаган. Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси бу мазкур бинога пиёда кўтарилишда рекордлигини билдириб, спортчи ва блогерларга чақирув ташлади.

Давлат ташкилотларида ўзбек тилига риоя этиш назорати кучайтирилади

Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш ҳамда ўзбек тили қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар қонунчилик ижросини назорат қилиб, ҳужжатлар, ташқи ёзувлар ва рекламаларнинг тил меъёрларига мувофиқлигини ўрганиб боради.

Маслаҳатчилар фаолиятини энди Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мувофиқлаштиради ва услубий жиҳатдан бошқаради. Маслаҳатчилар тегишли ташкилот раҳбари томонидан Департамент билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.