Россия Украинага қарши урушни бошлаганидан буён Дмитрий Медведев ва бошқа сиёсатчилар томонидан ядро қуролидан фойдаланиш ҳақидаги таҳдидли баёнотлар вақти-вақти билан янграб турибди. Шу фонда Россиянинг ядровий доктринаси ҳам ўзгартирилди. Kun.uz суҳбатлашган таҳлилчилар бундай эҳтимолий қадамнинг Россия учун потенциал нархига баҳо берди.

— Россия Украинага нисбатан тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкинми?

Шавкат Саидов, тарихчи, профессор: Ядро қуролидан фойдаланиш масаласи Россия томонидан ҳозирча на Ташқи ишлар вазирлиги, на президент, на ҳарбий амалдорлар томонидан айтилмаган. Бу масалага баҳо беришда, аввало, ядро қуролини қўллашнинг халқаро оқибатларини ҳисобга олиш керак.

Ҳозиргача ядро қуролини жанговар шароитда қўллаган ягона давлат – АҚШ. Иккинчи жаҳон уруши якунида Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташланганидан буён Вашингтон бу қарор учун халқаро миқёсда турли танқидларга дуч келмоқда. Шунинг учун Россиянинг Украинага қарши ядро қуролидан фойдаланиши Москвага нисбатан халқаро муносабатни кескин ўзгартириб юбориши мумкин.

Айниқса, Россия билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни сақлаб келаётган давлатлар – Хитой ва Ҳиндистоннинг позицияси муҳим. Индонезия каби давлатлар ҳам Россия энергия ресурсларини харид қилмоқда. Бироқ Россия ядро қуролидан фойдаланса, ушбу давлатларнинг Москва билан муносабатлари ҳам қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли ошади. Натижада Россияга нисбатан ҳақиқий глобал изоляция хавфи пайдо бўлиши мумкин.

Бундай қарорни Россия жамоатчилиги ҳам қўлламаслиги эҳтимолдан холи эмас. Шу сабабли мен ҳозирги шароитда Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиши эҳтимоли жуда паст, деб ҳисоблайман.

Европа томони ҳам бундай қуролни қўллаши эҳтимоли ниҳоятда паст. Ҳозирча бу даражадаги кескин қадамни талаб қиладиган ҳарбий зарурат мавжуд эмас. Россия–Украина уруши атрофида дипломатик алоқалар ва турли воситачилик ташаббуслари давом этмоқда.

Айни пайтда Европада ҳам ядровий тийиб туриш масаласи тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Финландия ёки Полшада ядровий қуролларни жойлаштириш ҳақидаги баҳслар ҳам Россияни тийиб туриш зарурати билан изоҳланади. Россиянинг Беларус ҳудудига тактик ядро қуролларини жойлаштиргани ҳам айнан шу қарама-қаршиликнинг бир қисми сифатида кўрилади.

Шуҳрат Расул, сиёсий таҳлилчи: Бугунги Россия ҳарбий эскалацияни ядровий даражага олиб чиқмайди, деб ҳисоблайман. Бунинг камида иккита муҳим сабаби бор.