14 август куни Россия Мудофаа вазирлигининг Телеграм-каналида дронлар тасвири акс этган ва «Қишда сизни музқотиш кутмоқда» деган ёзувли пост эълон қилинди. Пост «Украина Қуролли кучлари манфаатларини кўзлаб фойдаланилаётган порт инфратузилмаси ва денгиз кемаларига» зарбалар берилгани ҳақидаги хабардан сўнг чиқарилди.
Бир неча соат ўтгач, Украина Қуролли кучлари Стратегик коммуникациялар маркази ўз каналида Россия ҳарбий идорасига жавоб эълон қилди: «Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводлари олови билан исинамиз».
Шунингдек, бугун Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳозирги тўқнашув чизиғида жанговар ҳаракатларни тўхтатишга йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилди:
«Гап бугун кимнингдир қандай қулай яшаётганида эмас, бизнинг одамларимиз азоб чекмоқда, бу террорчилик ҳаракатларидан ҳалок бўлмоқда. Гап… Россия давлатининг минг йиллик тарихи олдидаги масъулиятимиз ҳақида бормоқда».
Лавров Россиянинг Украинага қарши ҳаракатларини кучайтиришини айтиб, «Биз буни аллақачон қилмоқдамиз. Улар инграй бошлади», – деб қўшимча қилди.
Бир кун аввал, 13 август куни, Reuters ўз манбасига таяниб хабар беришича, Украина учинчи томон орқали Россияга Қора денгиздаги фуқаролик объектларига ҳужумларни ўзаро тўхтатиш таклифини юборган, чунки минтақадаги жанговар ҳаракатлар глобал озиқ-овқат таъминоти занжирларини хавф остига қўйган.
Бундан бир неча кун олдин Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидон Анқара Киев ва Москвага Қора денгиздаги тижорат кемаларига зарба беришга мораторий жорий этиш механизмини яратиш бўйича таклифлар йўллаганини айтганди. «Россия томони расмий каналлар орқали бу ташаббус шартларини аниқлаштирувчи расмийлаштирилган турк мурожаатини олгани йўқ», – деб баёнот берди 14 август куни Россия ТИВ вакили Мария Захарова.
Июнь ойида Украина президенти Володимир Зеленский Владимир Путинга очиқ мактуб эълон қилиб, унда етакчиларнинг бевосита учрашувини ҳамда музокаралар давомида бутун фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган эди.
2022 йилдан бошлаб ҳар кузда Россия Қуролли кучлари қишда мамлакатни электр энергияси ва иссиқликдан маҳрум қилиш учун Украинанинг энергетика инфратузилмасига зарбаларни кучайтириб келади. Жумладан, 2024 йил кузида Россия деярли барча йирик иссиқлик электр станцияларига зарар етказиб, Украинанинг умумий электр ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 80 фоизини ишдан чиқаришга муваффақ бўлди. Келгуси қиш арафасида Россия Қуролли кучлари асосан Суми, Чернигов ва Харков вилоятларидаги электр тармоқлари инфратузилмасини (нимстанциялар ва электр узатиш линияларини) вайрон қилишга эътибор қаратмоқда.












