12 августга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Россия ҳарбий-денгиз флотининг Новороссийск портидаги базасига ёпирилма ҳужум уюштирганди. 13 август куни ушбу порт «машғулотлар даврида» ёпилиши маълум қилинди. «Интерфакс» нашри ёзишича, порт акваториясида кемалар ва бошқа сузиш воситалари ҳаракатига тақиқ 14 августдан кучга киради.

Украина қуролли кучларининг Севастопол акваториясини мунтазам равишда ўққа тутиши натижасида Новороссийск Россия Қора денгиз флоти кемалари учун асосий жойлашув нуқтасига айланганди.

Украина президенти Володимир Зеленский 12 август куни кечқурунги баёнотида ушбу ҳужумда «Паляница» реактив дронлари, «Нептун» ракеталари ва сувости дронлари қўлланганини айтганди. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа позициялари, причаллар ва денгиз порти инфратузилмасига зарба берилгани тасдиқланди», – дея қайд этган у. Зеленскийнинг сўзларига кўра, турли қуроллар иштирокидаги бундай комбинацияланган ҳужум илк бор амалга оширилган.

Украина қуролли кучлари бош штаби зарбалар натижасида «Адмирал Макаров» ва «Адмирал Эссен» фрегатлари, «Буян-М» кичик ракета кемаси ҳамда «Васил Биков» патрул кемаси шикастланганини тасдиқлаган.

Vantor / Reuters / Scanpix / LETA
Ҳужум вақтида шикастланган ҳарбий кемалар причали
Vantor / Reuters / Scanpix / LETA

Украина мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Евгений Хмара зарба юзасидан берган изоҳида Украина қуролли кучлари «Россия ҳарбий машинасини ишдан чиқаргани»ни айтган. У худди Зеленский каби амалиётни «ноёб» деб атаган. «Комбинацияланган зарба ракеталар, реактив дронлар ва сувости дронлари орқали берилди», – дея қайд этган у.

Украина разведка бошқармаси эса зарбалар оқибатида «Грушовая» нефт базаси инфратузилмалари ҳамда Россиянинг Қора денгиздаги энг йирик терминали ҳисобланган «Шесхарис» нефт қуйиш терминали аниқ нишонга олинганини маълум қилган.

Ҳужум оқибатлари Vantor компанияси томонидан олинган тезкор сунъий йўлдош тасвирларида акс этган. Россиядаги ҳарбий мавзуга ихтисослашган «Ҳарбий даракчи» телеграм-канали кадрларда «Адмирал Эссен» ва «Адмирал Макаров» кемалари зарбага учраганини кўриш мумкинлиги, аммо шикастланиш даражасини аниқлаб бўлмаслигини қайд этган. Шунингдек, ғалла терминали инфратузилмаси, нефт қуйиладиган причалдаги танкер ва нон маҳсулотлари комбинати биноларида зарба изларини кўриниб туради.

Ғалла терминали инфраструктураси
Vantor / Reuters / Scanpix / LETA
Дон омбори
Vantor / Reuters / Scanpix / LETA
Нефт танкери
Vantor / Reuters / Scanpix / LETA

«Кемалар мунтазам зарбалар туфайли Қримдан Новороссийскка олиб чиқилганди, катта савол шуки, Қора денгиз флоти энди қаёққа қочиши керак?» – дея қайд этади «Ҳарбий даракчи» муаллифи.

Reuters агентлиги соҳадаги манбаларга таяниб ёзишича, Украина қуролли кучлари ҳужумлари натижасида Россиянинг иккита энг йирик ғалла терминали ўз фаолиятини тўхтатган. Шикастланиш кўлами ва ишни қайта тиклаш муддати ҳозирча номаълум. Таҳлилчилар июл ойидаёқ Украина дронларининг ҳужумлари яқин келажакда Қора денгиз орқали дон экспортини тўхтатиб қўйиши – бу эса Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида нархлар кўтарилишига ва очарчилик хавфига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.