Тошкент шаҳрида кекса аёлнинг уйда устидан қулфланган ҳолда қаровсиз қолдирилиши воқеаси жамоатчиликда турли баҳс ва фикрларни келтириб чиқарди. Kun.uz ушбу ҳолатда манзилга бориб, уй эшигини очган Исмоил Баҳодировнинг фаолияти билан қизиқди. Қулфланиб қолган эшикларни очиш хизмати билан шуғулланадиган йигитнинг айтишича, кунлик чақирувларнинг камида 5 таси болалар билан боғлиқ.
Тошкентлик Исмоил Баҳодиров ва ўн нафарга яқин жамоадоши шаҳар бўйлаб кунига 30–40 тагача чақирувга бориб, қулфланиб қолган машина ёки уй эшикларини очиб беради. Ҳолатларнинг айримлари қамалиб қолган болалар ёки ёлғиз қариялар билан боғлиқ. Kun.uz мухбири яқинда Мирзо Улуғбек туманида уйда устидан қулфланган ҳолда қаровсиз қолдирилган кекса аёлни қутқарган Исмоил Баҳодиров билан суҳбатлашди.
“Ўзимнинг машинам ҳам қулфланиб қолган”
Исмоил тиббиёт коллежини тамомлаган. Бироқ машинаси қулфланиб қолиши билан боғлиқ ўзи бошидан кечирган қийин вазият тақдирини бутунлай ўзгартириб юборганини таъкидлади:
“Ўзимнинг ҳам машинам қулфланиб қолган пайтда чўнтагимда бир тийин пулим йўқ эди. Устага берадиган маблағим бўлмагани учун нима қилишни билмай турганимда бегона бир инсон келиб, ҳеч қандай ҳақ олмасдан очиб берган. Ўшанда ичимдан ўтган миннатдорликни таърифлаб беролмайман. Худо хоҳласа, одамларга жуда катта ёрдам берадиган бу ишни ўрганаман, деганман ва бошлаганман”, дейди у.
“Шубҳали ҳолатда бош тортаман”
Ҳозирда Исмоил ўз яқинларидан иборат 10 кишилик жамоа билан фаолият юритмоқда. Улар чақирувга тез етиб боришлари учун ҳар куни эрталаб Тошкент шаҳрининг турли туманларига бориб ўтиришади.
Исмоил Баҳодиров нотаниш шахслар машина очишни сўраб мурожаат қилганида унинг ҳақиқатан ўз эгасига тегишли экани ёки ўғирлик эмаслигини қандай текшириш ҳақидаги саволга бу борада жуда эҳтиёткор эканини маълум қилди.
«Бу борада жуда эҳтиёткормиз. Масалан, кеча бир чақирувга бордим, чақирган инсон маст экан, дарров сездим. Йўқ, ака, бугун очмайман, эртага ҳайдаб чиқиб кетсангиз оғир оқибатга олиб келиши мумкин, деб очиб бермадим. Шубҳали ҳолатларда хизмат кўрсатишдан қатъий бош тортамиз. Қолаверса, видеоларни монтаж қилганда ҳам ёмон ниятдагилар ўрганиб олмаслиги учун барча сирли ва хавфли усулларни кадрдан ташқарида қолдираман”, дея тушунтирди у.
















