Президентнинг 2026 йил 14 августдаги ПФ–160-сон фармони билан «Одил судлов – 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тасдиқланди.

Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Уларнинг юрисдикцияси бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликни қамраб олади.

Шунингдек, 2027 йил 1 июлдан тергов судяларига процессуал мажбурлов чораларини қўллашга санкция бериш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишда қўшимча ваколатлар берилади.

Хусусан, тергов судяси шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириш ҳуқуқига эга бўлади. Агар судяда шубҳа туғилса, тергов сири сақланган ҳолда қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши мумкин.

2027 йил 1 августдан эса ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд раёсати қарорларини белгиланган тартибда очиқ эълон қилиш ва мунтазам янгилаб бориш амалиёти йўлга қўйилади. Бунинг учун «Прецедентлар» реестри жорий этилади.

Бундан ташқари, 2027 йил якунига қадар Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар порталининг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади.

Шунингдек, порталдаги «Судга мурожаат намуналари» интерактив хизматини такомиллаштириш кўзда тутилган.