Молдова полицияси 17 август куни мамлакат жануби-шарқида учувчисиз учиш аппарати ҳаво ҳудудини бузиб киргани ва қишлоқ хўжалиги ерига қулаб тушганини маълум қилди.
Дрон Россияга тегишли бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Дрон қулаганидан кейин далада кичик ёнғин бошланган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Аввалроқ Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Одесса порти томон ҳаракатланаётган Россиянинг «Бандероль» туридаги дрони белгиланган йўналишдан адашиб, давлат чегарасини кесиб ўтгани ва Молдова ҳудудига кириб қолганини билдирган эди.
Август ойи бошидан бери Молдова ҳаво ҳудуди дронлар томонидан бир неча марта бузилган. Манбага кўра, улар орасида Shahed туридаги Россия дронлари ҳам бўлган. Аввалги дронлардан бири ҳам Молдова ҳудудига қулаб тушган.
Санду дронларнинг ҳаммаси ҳам тасодифан кирмаётганини айтди
Молдова президенти Майя Санду мамлакат ҳаво ҳудудининг дронлар томонидан бузилишига муносабат билдирди.
Унинг айтишича, дронларнинг фақат бир қисми Молдова ҳудудига тасодифан кириб қолмоқда. Айрим дронлар эса мамлакат расмийларининг бундай таҳдидларга жавоб бериш имкониятларини синаб кўриш мақсадида атайлаб юборилаётган бўлиши мумкин.
Санду Россиянинг Кишинёвдаги элчихонаси раҳбари Олег Озеровни мамлакатдан чиқариб юбориш эҳтимоли ҳам бундай дрон парвозларини тўхтатмаслигини таъкидлаган.
Унинг фикрича, Россияга норозилик ноталари юборилиши ҳам Москва сиёсатини ўзгартирмайди.
Молдова президенти дронлар билан боғлиқ таҳдидни бартараф этишнинг энг муҳим йўли Украинага ёрдам бериш эканини таъкидлади.
У Украина ушбу урушда ғалаба қозонишига эришиш Молдова, Украина ва бошқа ҳудудларда бундай дронлар парвозини тўхтатиш учун муҳимлигини айтган.
Бир кун аввал Руминияда дрон уриб туширилган
Молдовадаги ҳодисадан бир кун аввал НАТО миссияси доирасида ҳаракатланаётган Испания қирувчи самолёти Руминия осмонида учувчисиз учиш аппаратини уриб туширган.
Руминия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, дрон мамлакат ҳаво ҳудудига Молдова томонидан кириб келган ва кейин йўқ қилинган.
Бироқ вазирлик бу Россия ёки Украинага тегишли дрон бўлганига аниқлик киритмаган.
Бу 2026 йил бошидан бери Руминия осмонида уриб туширилган тўртинчи дрон бўлган.
Июл ойида Руминиянинг F-16 қирувчи самолётлари илк бор Россияга тегишли дронларни уриб туширган эди. Ушбу дронлар Украинага амалга оширилган ҳужум вақтида Руминия ҳаво ҳудудига кириб қолган.
Бундан ташқари, йил бошида Украинага ҳужум вақтида Россияга тегишли дрон Руминиянинг Галац шаҳридаги турар жой биносига қулаб тушган. Ўша ҳодиса оқибатида икки киши жароҳатланган.









