Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 41 млрд долларни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг январь–июнь ойларига нисбатан 2,8 млрд долларга ёки 7,4 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида мамлакат экспорти 15,9 млрд долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,8 фоизга камайган. Импорт эса 21 фоизга ўсиб, 25,1 млрд долларга етган.

Натижада Ўзбекистон ташқи савдосида 9,3 млрд долларлик манфий сальдо шаклланган.

Шу билан бирга, умумий экспорт камайганига қарамай, олтин ҳисобга олинмаган товарлар экспорти сезиларли ўсиш кўрсатган. Унинг ҳажми 8,2 млрд долларга етиб, бир йилда 28,7 фоизга ошган.

Статистикага кўра, январ–июн ойларида экспорт таркибида товарлар улуши 60,9 фоизни ташкил этган. Жумладан, саноат товарлари 15,2 фоиз, турли тайёр маҳсулотлар 8,6 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар 8,3 фоиз, кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 8,1 фоиз улушга эга бўлган.