Financial Times (FT) нашрининг ёзишича, глобал тақдимот 18 август куни бошланади. Компаниянинг ўзи эса бу қадамни сунъий интеллектнинг вояга етмаганларга таъсири юзасидан жамоатчиликдаги норозиликлар фонида қўймоқда.

Ўсмирлар учун мўлжалланган версияда ўзига-ўзи шикаст етказиш (self-harm), зўравонлик, овқатланиш бузилиши ва жинсий ҳаётга оид тасвир ва материалларни генерация қилишга чекловлар кучайтирилади. ChatGPT’да аввалдан мавжуд бўлган ота-она назорати функцияси ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги суҳбатлар каби кескин вазиятларда огоҳлантиришлар юборган бўлса, энди бундай билдиришномалар зўравонлик ва овқатланиш бузилиши мавзуларига ҳам қўшилди. Ўсмирлар ва оилалар билан ишлаш бўлими раҳбари Лорен Жонас бу функцияларнинг кечикишини компания ўсмирнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳамда эҳтимолий зарарнинг жиддийлиги ўртасида мувозанат топишига тўғри келаётгани билан изоҳлади.

FT’нинг ёзишича, янгиланиш OpenAI бир томондан, фарзандлари чат-бот билан мулоқотдан жабр кўрганини даъво қилаётган оилаларнинг бир нечта даъволарига қарши курашаётган, айни пайтда эса келгуси йил ичида эҳтимолий рекорд даражадаги акцияларни жойлаштиришга тайёргарлик кўраётган бир пайтда чиқмоқда. Даъвогарлар орасида ўз ўлимини ChatGPT билан муҳокама қилгач ўз жонига қасд қилган калифорниялик 16 ёшли Адам Рейннинг яқинлари ҳам бор; суд материалларига кўра, бот унга батафсил кўрсатмалар берган. Февраль ойида Канаданинг Тамблер-Риж шаҳридаги мактабда содир бўлган оммавий отишмада ҳалок бўлганларнинг оилалари ҳам даъво аризаси билан мурожаат қилишди: маълум бўлишича, отишма содир этган ўсмир ҳужумдан бир неча ой олдин ChatGPT билан зўравонлик қилиш ниятини ўртоқлашган, унинг аккаунти блокланган, бироқ компания ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар бермаган.

OpenAI қоидаларига кўра, 13 ёшдан кичик болаларга чат-ботдан фойдаланиш тақиқланади, вояга етмаганлар учун эса ота-онанинг розилиги талаб этилади. Хизмат ўсмирлар версиясини кимга кўрсатишни фойдаланувчи кўрсатган ёш ва бир қатор билвосита хулқ-атвор белгиларига қараб аниқлайди. Ўсмирлар учун мўлжалланган ChatGPT танаффуслар ҳақида тез-тез эслатиб туради ва «сукунат соатлари»ни қўллаб-қувватлайди — булар фойдаланувчи ёки ота-оналар ботга киришни чеклаш учун ўзи белгилаши мумкин бўлган вақт оралиқларидир.

FT’нинг ёзишича, компания нейротармоқнинг бир зумдаги жавоблари мактаб ўқувчиларининг фикрлаш ва ўрганиш қобилиятига зарар етказиши ҳақидаги даъволарга алоҳида жавоб беришга ҳаракат қилмоқда — бу таъсир «когнитив енгиллашув» деб аталади. Янгиланган «таълим режими»да бот тайёр жавоб бериш ўрнига, ўсмирни топшириқ бўйича босқичма-босқич йўналтириши керак. Жонаснинг сўзларига кўра, ўсмирларнинг 90 фоизи ChatGPT’дан айнан таълим мақсадида фойдаланади ва хизматни ўқув воситасига айлантириш компаниянинг асосий мақсадидир.