«Сова» тадқиқот маркази ходими Олга Сибиревага унинг материалларидан бошқа лойиҳа фойдалангани ортидан «номақбул ташкилот» билан ҳамкорлик қилиш бўйича маъмурий иш қўзғатилди. Бу ҳақда марказ 17 август куни маълум қилди.
«Сова» ахборотига кўра, август ойи бошида полиция ходимлари Сибиреванинг уйида «хонани кўздан кечириш» тадбирини ўтказган ва техника ҳамда китобларни олиб қўйган.
Тадбир давомида тезкор ходимлар «номақбул ташкилот» билан ҳамкорлик масаласини тилга олган, аммо қайси ташкилот назарда тутилаётганини айтмаган.
17 август куни Сибирева чақирув қоғози асосида Наро-Фоминск шаҳар прокуратурасига борган. У ерда иш қўзғатиш тўғрисидаги қарордан ўзига қўйилаётган айблов тафсилотларини билган.
У «Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича халқаро алянс» (International Religious Freedom or Belief Alliance) билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда. Мазкур тузилма Россияда 2024 йилда «номақбул ташкилот» деб эълон қилинган.
Ҳозирча маъмурий протоколнинг судда кўриб чиқиладиган санаси белгиланмаган.
Айбловга нима сабаб бўлган?
«Сова» марказининг таъкидлашича, иш очилишига Сибиреванинг Россияда виждон эркинлигига бағишланган 2024 ва 2025 йиллик ҳисоботларидан халқаро альянс материалларида фойдаланилгани сабаб бўлган.
Ушбу ҳисоботлар «Сова» марказининг сайтида очиқ эълон қилинган ва улардан эркин фойдаланиш мумкин.
Марказ ўзининг бу халқаро алянс билан ҳеч қачон ҳамкорлик қилмаганини таъкидламоқда.
«Сова»га кўра, бу Россияда шахс «номақбул ташкилот» унинг очиқ эълон қилинган матнларига ҳавола бергани учун мазкур ташкилот билан «ҳамкорлик қилиш»да айбланган илк маълум ҳолатдир.
Алянс ҳақида
Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича халқаро алянс 2020 йилда АҚШ Давлат департаменти ташаббуси билан ташкил этилган. У турли мамлакатлар вакилларини бирлаштирувчи халқаро тармоқ бўлиб, унга 38 давлат вакиллари қўшилган.
Ташкилот диний озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний эътиқод асосидаги камситиш ва таъқибларга қарши курашишни ўз мақсадларидан бири сифатида кўрсатади.
Россия Бош прокуратураси эса мазкур алянсни АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатларига хизмат қилувчи тузилма деб ҳисоблайди. Россия расмийларига кўра, ташкилот аъзолари Москвага нисбатан санкция босимини кучайтириш тарафдори.
Алянс ўз ҳисоботларида Россияда диний ташкилотлар ва диндорларга нисбатан таъқиблар ҳақида маълумотлар келтириб боради.
Манбада, хусусан, алянс Россияда таъқибларни, шунингдек, Россия армияси назоратидаги Украина ҳудудларида Кремл ва Москва патриархиясига содиқ бўлмаган руҳонийлар ҳамда диндорларга нисбатан босим ҳолатларини қайд этиб келиши айтилган.









